Kun.uz жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти масалаларига бағишланган туркум суҳбатлар лойиҳасини давом эттиради. Лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони таниқли журналист, ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад бўлди. Ёзувчи билан суҳбат адабиёт, ижод, ўзбек журналистикасидаги муаммолар, жамият иллатлари борасида кечди.
Видео: Mover (tas-ix)
https://mover.uz/video/embed/0QIoMdDm/
Видео: Youtube
— Сизни ХХI аср ўзбек романчилигини бошлаб берган ёзувчилардан бири дейишимиз мумкин. Ҳар ҳолда «Бозор» номли асарингиз 2000 йилда ёзилган. Ушбу романда инсонлар ҳаётини бепоён бозор сифатида таърифлагансиз. Унда чуқур маъноли рамзлар-у ишоралар, тушунилиши қийин бўлган тимсоллар жуда кўп. «Бозор»ни ёзишда реалистик тасвирга кўпроқ амал қилганингизда у бундан ҳам оммабопликка эришмасмиди? Яъни, рамз ва ишоралар кўпайиб кетгани унинг янаям муваффақият қозонишини бироз тўсиб қолмаганми? Нега рамз ва тимсоллар сиз учун реалистик тасвирлардан кўра устунроқ туради?
— Асарни XXI асрнинг биринчи романи эмас, XX асрнинг охирги романи десак тўғрироқ бўларди, назаримда. Бадиий асарда рамз, тимсол ташбеҳ, метафора деган тушунчалар бор. Шулардан келиб чиқадиган бўлсак, бадиий тафаккурнинг бош шартларидан бири тимсол, рамз, ташбеҳ ва метафорадир.
Жаҳон насрини оласизми, шеъриятними, ўзимизнинг насрда бўладими ишоралар ва тимсоллар билан гапириш шаклланган. Кўз кўриб, қулоқ эшитганини ёзиш бу реализм эмас, ўша ташбеҳлар фикр, тасаввурдаги воқеликнинг инъикоси. Қолаверса, саволга жавоб тариқасида айтаманки, мен кўз кўриб, қулоқ эшитган нарсани айнан ёзишни хуш кўрмайман. Реал воқеликни кўрсам бу хаёлга ундаши керак, хаёлда ёзсам у реалликка ундаши керак. Мен ниманидир сизга оғиз тўлдириб гапириш орқали ҳам ва ёки битта ишора билан ҳам айтишим мумкин.
«Бозор» оммабоп бўлди дедингиз, у қадар оммабоп бўлгани йўқ. Бизнинг китобхонларимиз бундаги рамзларни ҳали тўлиқ тушунадиган даражада деб ўйламайман. Ундаги рамзларни нисбатан илғаб етадиган, тушунадиганлар маънавий озуқа олиши мумкин. Начора, балки асарни оммалашиши нуқтаи назаридан сиз айтган услубни қўллаш менинг қарашларимга, ақидаларимга тўғри келмайди.








