Ўзбекистон Республикаси Президенти “Автомобиль транспортида юкларни халқаро ташишни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019-2021 йиллар даврида автомобилда халқаро юк ташиш учун фойдаланиладиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасидан автомобиль транспортида юкларни халқаро ташийдиган тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларни беришни назарда тутувчи маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган катта юк автотранспорт воситалари, тиркамалар ва ярим тиркамаларни сотиб олишда миллий ташувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш:
тижорат банкларининг жалб этиладиган кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга, миллий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 25 фоизи миқдорида, бироқ 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда, хорижий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 40 фоизи, бироқ 3 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда компенсация бериш;
тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 2 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафиллик бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Белгиланишича:
ишлаб чиқарилган пайтидан бошлаб 4 йилдан ортиқ муддат ўтмаган катта юк автотранспорт воситалари, шунингдек, ишлаб чиқарилган пайтидан бошлаб 6 йилдан ортиқ муддат ўтмаган тиркамалар ва ярим тиркамалар тижорат банклари томонидан уларни кредитга сотиб олишда ҳар икки томоннинг розилиги билан гаров таъминоти сифатида қабул қилиниши мумкин;
солиқ солиш мақсадида йўл қўйилиши мумкин бўлган юқори массаси 12 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари (самосваллардан ташқари), ўтиргичли тягач (шатак), шунингдек, максимал массаси 10 тоннадан ортиқ бўлган тиркамалар ва ярим тиркамаларнинг йиллик чекланган амортизация нормаси 10 фоизни ташкил этади;
миллий ташувчиларга сотиш учун катта юк автотранспорт воситалари, тиркамалар ва ярим тиркамаларни импорт қилиш техник топшириқларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда мажбурий экспертиза қилмасдан ва рўйхатдан ўтказмасдан амалга оширилади.

















