Бир гуруҳ ёшлар томонидан Kun.uz таҳририятига юборилган мурожаатда Самарқанд шаҳридаги Навоий шоҳкўчасида қуриб битказилган «Ёшлар уйи» масаласида қатор муаммоларни тилга олишган.

«Биз 2016 йилда, собиқ «Камолот» ЁИҲ вилоят кенгаши томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, шакллантирилган рўйхат асосида, ёш оилалар учун қуриладиган арзон уй-жойлардан сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлгандик. Ушбу уйни қуриш бўйича тендер 2017 йил 2 мартда ўтказилди. Унда мазкур уй-жойни 4 қаватли 32та хонадонга мўлжаллаб 10 ой муддатда қуриш белгиланган бўлиб, қўшимча қиймат солиғи билан 3.770.714.387 сўм, қўшимча қиймат солиғисиз эса 3.142.261.989 сўм ажратилиши айтилган.

Уйни қуриш ишлари 2017 йилда бошланган бўлса-да, ўн ойда эмас салкам уч ярим йилдан кейин 2019 йил март ойида битди. Шу давргача бизга, «2017 йил Мустақиллик байрамига, 2017 йил 8 декабрга, 2017 йил охирига, 2018 йил Наврўзгача, Ёшлар кунига яна 2018 йил 1 сентябргача, 8 декабргача қурилиш тугайди», деган ваъдаларни бериб келишди. Айни пайтда кўп қаватли уй тўрт эмас, тушунарсиз сабаб билан беш қаватли қилиб қурилди (балки шу сабабли кечиккан).

Афсуски, уйнинг сифати шунча кутганимизга яраша бўлмади. Қурилиши узоқ муддат талаб қилган ушбу уйни биз эҳтиёжманд оилалар вакиллари 3,5 йил кузатиб борганмиз. Қурилишда ишлатилган арматура камлиги, умуман қурувчи бўлмаган кишини хавотирга қўярди. Хавотиримиз бежиз эмас экан.

Биз назоратчи эмаслигимизни англаган ҳолда индамасдан «нархлар ҳам шунга мос бўлса керак-да, арзон уй-жой-да», деган андиша билан юргандик. Аммо 2019 йил январь ойида биз ёшларни қурилиш корхонаси — «Жайхун» МЧЖнинг директори ўринбосари бизларга «Уйнинг нархи ҳар квадрат метрга 3.5 млн сўмдан (!) бўлади» деб шартнома тутқазганида ҳафсаламиз пир бўлди. Чунки бу бугунги кунда Самарқанд шаҳрида тижорий мақсадда қурилаётган уйларнинг нархи билан тенг. Ҳатто айрим уйлар бизнинг «имтиёзли уй»дан арзон ҳам.

Ҳолбуки, «Ёшлар уйи» имтиёзли нархларда берилиши керак. Қолаверса, биз учун қурилган уй сифатини тижорий уйлар сифати билан солиштириб ҳам бўлмайди. Музокаралар, шикоятлар жараёнида уйлар нархи тушиш ўрнига ошиб бораверди — квадрат метри 3,65 млн сўмгача. Ҳатто мана шу нарх битилган шартномани имзолашимиз учун «Қишлоққурилиш банк» ҳамда қурилиш корхонаси вакиллари иш жойимизгача бориб босим ўтказиб кўришди», дейилади ёшларнинг мурожаатида.

Ҳолатни ўрганиш учун «Ёшлар уйи»да бўлдик. Дарҳақиқат эндигина фойдаланишга топширилаётган уйнинг кириш йўлаклари сифатсиз, кафелларнинг бир қисми синган. Болалар майдончасидаги арғимчоқлар сифатсиз ўрнатилганидан ишдан чиққан. Хонадонларнинг эшиклари ҳам сифатсиз. Айрим хонадонларда қувурлардан сув томиб туришига гувоҳ бўлдик. Бирорта уйда лампочка ўрнатилмаган экан. Уй эгаларининг ўзи ўрнатган. Аммо ёшларни қийнаётган энг асосий масала — нархларнинг қиммат белгилангани бўлиб турибди.