Ўзбекистон | 16:18 / 10.06.2019
9927
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги реклама тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда

Фото: Shutterstock

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

“Унда, ривожланган давлатларнинг қонунчилик амалиётини чуқур таҳлил қилган ҳолда, мамлакатимизда реклама фаолиятини амалга ошириш ва реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, қонун лойиҳасига янги талаб ва қоидалар киритилмоқда”, дейилади қўмита хабарида.

Қайд этилишича, реклама фаолиятида қўлланиладиган тушунчаларга кенг ва аниқ таъриф берилмоқда. Шунингдек, ҳукумат ва ваколатли орган – Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатлари ҳамда унинг назорат функцияларини амалга ошириш тартиби белгиланмоқда. 

Бундан ташқари, реклама бозори иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқланмоқда, вояга етмаганларга мўлжалланган рекламага қўйилган талаблар кучайтирилмоқда, ижтимоий рекламанинг доираси кенгайтирилмоқда.

Телевидение ва радио, босма нашрлар, алоқа воситалари, электрон тижорат, ташқи реклама, транспорт ва почта жўнатмалари орқали тарқатиладиган рекламага доир талаблар, айрим товарлар, ишлар, хизматлар рекламасига талаблар, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик нормалари ва бошқа ҳолатлар белгиланмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги “Реклама тўғрисида”ги ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” қонунлари асосида ишлаб чиқилган Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги низом, театр-концерт тадбирларини ўтказишда фонограммадан фойдаланиш тўғрисида маълумотни тақдим этиш қоидалари ва бошқа меъёрий ҳужжатларни тўлиқ ва қисман бекор қилган ҳолда, улардаги талаблар янги таҳрирдаги қонун таркибига ўтказилмоқда.

Ўз навбатида, юқоридаги қонун лойиҳасини янада мукамаллаштириш билан биргаликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарлик нормаларини кучайтириш ва белгилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин 

Мавзуга оид