Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Сурияга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказди.

Ҳисоб 3-дақиқада очилди. Майдон марказида тўпни қабул қилиб олган мезбонлар сардори Одил Аҳмедов жарима майдончаси томон яқинлашаётган Элдор Шомуродовнинг йўналишига аниқ узатмани амалга оширди. Дарвозабон билан ўткир бурчак остида яккама-якка чиқиб борган Шомуродов эса тўпни унинг оёқлари орасидан ўтказиб, гол урди.

Голдан сўнг сурияликлар ҳужумга зўр беришди. Ўйин давомида жуда фаол ҳаракат қилган Суриянинг чап қанот ҳимоячиси Муаид ал-Ажаннинг узатмасидан сўнг Умро Ал-Миданий акробатик услубда зарба йўллади, лекин тўғри жой танлаган Элдор Суюнов тўпни эгаллаб олди. Биринчи бўлимда сурияликлар 3 марта қулай жойлардан жарима зарбаси тепиш имконига эга бўлишди. Лекин ҳар сафар ҳимоячилар ва дарвозабон жарима майдончасига узатилган тўпларни қайтаришди.

34-дақиқада Суриянинг қанот ҳимоячиси Муаид ал-Ажан марказий ҳужумчи ролида пайдо бўлди. Дарвоза яқинига узатилган тўп учун курашда ал-Ажан Ўзбекистон дарвозабони Элдор Суюнов билан тўқнашиб кетди. Ҳар икки футболчи тўқнашув оқибатида майдонга қулаб, шифокорлар ёрдамидан сўнг ўйинни давом эттиришди.

37-дақиқа Сурия яримҳимоячиси Муҳаммад ал-Мармур ўнг қанотдан узатилган тўпни акробатик услубда дарвозага йўллади, лекин унинг чиройли зарбасига аниқлик етишмади. Бу ҳужумдан икки дақиқа ўтиб, сурияликлар яна олдинга ўтишди. Бироқ чап қанотдан ривожланаётган ҳужумни Фаррух Сайфиев қайтариб қолди.

42-дақиқада ҳисоб 2:0 кўринишига келди. Жалолиддин Машариповнинг ажойиб узатмасини Элдор Шомуродов совуққонлик билан голга айлантирди. Биринчи голда тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказган Элдор бу гал дарвозабоннинг устидан ошириб юборди.

59-дақиқада Сурия хавфли ҳужумни амалга оширди. Дарвоза яқинида узатилган тўпни Маҳмуд ал-Моас бош билан дарвозабоннинг устидан тушириб қўймоқчи бўлди, лекин Ислом Тўхтахўжаев тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Ўйинни кузатиш учун стадионга 32 271 томошабин келди. 

Сурия билан ўйиндан сўнг Купер бу галги йиғинга жалб қилган футболчилардан майдонга тушмаган икки нафари қолди холос. Мураббий 24 нафар футболчига имконият берди. Дарвозабонлар Жавоҳир Илёсов ҳамда Ботирали Эргашев бу галги йиғинда майдонга туша олишмади.

Ўртоқлик ўйини
11 июнь, Тошкент, «Миллий» стадиони, 32 271 томошабин
ЎЗБЕКИСТОН – СУРИЯ 2:0