Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида нутқ сўзлади ҳамда иштирокчи мамлакатларнинг тинчликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари замонавий халқаро муносабатлар тизими тобора ортиб бораётган беқарорлик ва кутилмаган ҳодисалар билан изоҳланаётганини таъкидлади. Улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга Осиё қитъаси мамлакатлари жиддий хатарларга дуч келмоқда. Бу, аввало, экология, демография, миграция, ҳаёт ва таълим даражаси пастлиги муаммоларидир. Улар ижтимоий низоларнинг асосий манбаи, экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалиши учун шароит яратадиган муҳитдир. Айниқса, ёшлар ўртасидаги радикаллашув жараёни ташвиш уйғотади.

- Бугунги кунда жаҳон ишонч инқирозига юз тутмоқда. Аслида, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ишонч хавфсизлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир, - деди Шавкат Мирзиёев. - Назаримизда, ишонч инқирозини бартараф этиш  ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун биринчи навбатда инсон капиталини ривожлантиришга қулай шароитлар яратиш зарур. Шу муносабат билан ўзаро ҳурмат ва жамоавий масъулиятга асосланган кенгашимиз фаолияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари хавфсизлик бўлинмас, ишонч унинг фундаментал асоси эканини қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тинчликка эришишга қаратилган ҳар қандай форматдаги музокараларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бутун минтақа учун янги стратегик имкониятлар очади.

Ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг радикаллашувига қарши курашиш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳам барқарорлик ва фаровонликнинг муҳим шартларидан.

Президентимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Ўзбекистон фан, таълим соҳаларидаги ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси бўлишга тайёр эканини билдирди. Мамлакатимиз халқ дипломатияси доирасидаги алоқаларни, жумладан, туризм бўйича форумларни ташкил этиш орқали фаоллаштиришни муҳим деб ҳисоблайди.