16 июнь куни Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид мамлакатимизга ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмоннинг сафари Бухородан бошланди.


“Бухоро” халқаро аэропортида Бангладеш раҳбари ва унинг ҳамроҳларини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ва Бангладешнинг мамлакатимиздаги элчиси Масъуд Манан кутиб олдилар.

Хорижлик меҳмонлар Бухорода бўлиш доирасида буюк аждодимиз, Нақшбандия тариқати асосчиларидан бири Баҳоуддин Нақшбанд тарихий мажмуасини зиёрат қилишди. Шунингдек, улар қадимий Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси, Лаби Ҳовуз ансамблига ташриф буюришди.


Бангладеш президентининг таъкидлашича, унинг президентимиз Шавкат Мирзиёев билан 15 июнь куни Душанбеда бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича халқаро кенгашнинг бешинчи саммити йиғилиши доирасида ўтган учрашуви якунида мамлакатимиз раҳбари уни Ўзбекистонга таклиф қилган ва у бу таклифни бажонидил қабул қилган.
Муҳаммад Абдул Ҳамид Ўзбекистонда юксак даражада кутиб олингани учун ўз миннатдорлигини билдирган.


















