16 июнь куни Суперлигада 11-тур ўйинларига якун ясалди.
Дастлаб Бекободнинг «Металлург» «Андижон» меҳмони бўлди.
Ўйиннинг 38-дақиқасида андижонликлар аъзоси Элдор Маматказин ҳисобни очганди, 79-дақиқада меҳмонлар вакили Станислав Андреев 11 метрлик жарима зарбасидан унумли фойдаланди (1:1).
Мазкур ўйиндан сўнг «Металлург» 13 очко тўплаб, 9-ўринда бормоқда. «Андижон» эса 9 очко билан 11-ўринни эгаллаб турибди.
Турнинг марказий ўйинида Вадим Абрамов бошқарувидаги Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби ўз майдонида Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги Қаршининг «Насаф» жамоасига қарши майдонга тушди.
Ўйиннинг 9-дақиқасида Тошкент клуби вакили Ислом Қобилов ҳисобни очган бўлса, 37-дақиқага келиб меҳмон жамоа ҳимоячиси Дилшод Саитов ҳисобни тенглаштирди (1:1).
Бу натижадан сўнг «қалдирғочлар» очколари сонини 18тага етказиб, турнир жадвалида кучли учликка қайтган бўлса, 6-ўринда бораётган «Насаф» ҳисобида 14 очко мавжуд.
Олмалиқда ОКМК Наманганнинг «Навбаҳор» клубини қабул қилди. Ўйиннинг 7-дақиқасида ҳакам томонидан олмалиқликлар дарвозаси томон пенальти белгиланди. Нуқтага яқинлашган наманганликлар ҳужумчиси Александр ҳисобни очди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса мезбонлар вакили Шохназар Норбеков ҳисобни тенглаштирди ва ОКМКни қаторасига 4-мағлубиятдан сақлаб қолди (1:1).
Эндиликда, «Навбаҳор» 15 очко билан турнир жадвалида 7-ўринда бормоқда, Миржалол Қосимов бошқарувидаги ОКМК эса 8 очко билан 12-ўринда жойлашган.
Бу турда Тошкентнинг «Пахтакор» клуби меҳмонда «Бухоро» клуби устидан йирик ҳисобдаги ғалабага эришди (5:0).
«Шерлар» сафида Драган Черан ҳет-трик қайд этди, Ҳожиакбар Алижонов ва Егорь Кримец ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйишди.
Шу тариқа, бухороликлар кетма-кет еттинчи ўйинда ҳам ғалаба қозона олишмади, «Пахтакор» эса мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда.
Мазкур ғалабадан сўнг «Пахтакор» очколари сонини 29 тага етказиб олди ва мусобақа жадвалида етакчилик қилмоқда. «Бухоро» эса 7 очко билан 13-ўринни эгаллаб турибди.



















