2019 йилнинг 16 июнь куни Бангладеш Халқ Республикаси президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид бошчилигидаги делегация норасмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Бухоро халқаро аэропортида Бангладеш президентини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳамда Бангладеш Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннан кутиб олишди. Бухорода Бангладеш делегацияси Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси, Арк қалъаси, Пои-Калон комплекси ва Лаби-Ҳовуз меъморий ансамблида бўлди.

17 июнда Бангладеш Халқ Республикаси президенти Абдул Ҳамид бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрига келди. Юксак мартабали меҳмонлар бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида пойтахтнинг «Ҳазрати Имом» мажмуаси, Темурийлар тарихи давлат музейи каби диққатга сазовор масканларида бўлишди. Шунингдек, «Uztex Chirchik» тўқимачилик фабрикасига ҳам ташриф буюришди.

«Ҳазрати Имом» ёдгорлик комплексига ташриф давомида Бангладеш президенти Абдул Ҳамид ва унга ҳамроҳлик қилаётган оила аъзолари ҳамда расмийларга Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини яратиш концепцияси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ташриф давомида меҳмонлар жоме масжиди ва муқаддас Усмон Қуръони билан танишишди. Бангладеш раҳбари президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизация марказини яратишга доир ғоясини мамнуният билан қўллаб-қувватлади ва «Ҳазрати Имом» мажмуаси меъморчилиги унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади. Шунингдек, Бангладеш президенти Ўзбекистон президенти томонидан мамлакатда муқаддас Ислом динининг асл моҳияти ва мазмунини тарғиб қилишга доир олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.

Муҳаммад Абдул Ҳамиднинг сўзларига кўра, Бангладешда яшовчи ҳар бир киши мактаб давриданоқ Бухоро ва Самарқандни Ислом цивилизацияси марказлари ва ислом уламолари ҳамда муқаддас ҳадислар муаллифлари замини сифатида танийди.

Темурийлар тарихи давлат музейида Бангладеш президентига буюк сулоланинг пайдо бўлиши, Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги ўрни, у томонидан асос солинган давлатни адолатли бошқариш тамойиллари ҳақида маълумотлар берилди. Президент Абдул Ҳамид Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги тарихий алоқалар ҳақида сўз юритар экан, Бангладешнинг замонавий пойтахти – Дакка шаҳрига Бобурнинг невараси Жаҳонгир томонидан асос солингани ва дастлаб «Жаҳонгир Нагар» («Жаҳонгирнинг шаҳри» – тарж.) дея номлангани, шунингдек, мамлакатнинг энг йирик олий таълим муассасаларидан бири Jahangirnagar University номини олгани ҳақида ҳикоя қилди.