Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси 21 июнь куни Тошкент шаҳрида чақирилади. Бу ҳақдаги қарор Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 18 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот-хизмати

Ялпи мажлис кун тартибига янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги, “Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари киритилган.

Шунингдек, ялпи мажлисда Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ва Кармана тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.

Сенаторлар томонидан Сирдарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.

Сенат аъзолари истиқболли туризм йўналишида Ўзбекистон халқаро имижини ошириш чоралари тўғрисида, Ички ишлар вазирлиги академик лицейларида қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати тўғрисида ҳукуматга парламент сўровлари юбориш масаласини муҳокама қиладилар, шунингдек илгари юборилган парламент сўровлари натижаларини кўриб чиқадилар.

Ахборот берилишича, ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.