Самарқанд вилоят перинатал марказида шу йил февраль ойининг сўнгги кунида содир бўлган воқеа ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда айланмоқда.

Унга кўра, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 21 ёшли Г.К. 2019 йил 28 февраль куни соат 11:30да кўзи муддатидан аввал ёрийди ва чақалоқ дунёга келтиради. Чақалоқ шу куни соат 17:40да нобуд бўлади. Тарқалган хабарларда шу куни Самарқанддаги перинатал марказда жами 5 нафар чақалоқ нобуд бўлгани ҳам факт сифатида келтирилган.

Г.Қ. ва унинг турмуш ўртоғи Ф.М. вилоят ИИБга мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи К.Г.нинг қиз жинсли чақалоқ туғгани, шу куни кечроқ шифокорлар турмуш ўртоғи Қ.Г.га унинг чақалоғи вафот этганини айтиб, унга ўғил жинсли чақалоқ мурдасини бериб юборганини маълум қилиб, ушбу ҳолат юзасидан ҳақиқатни аниқлаб беришни ҳам сўраган.

Kun.uz Самарқанд вилоят перинатал марказида ўтган йили ҳам шунга ўхшаш воқеа рўй берганидан сўнг журналистлик суриштирув ўтказган эди. Ўшанда, доянинг айби билан туғилган, кейинчалик вафот этган чақалоқнинг жинси рўйхат китобига нотўғри қайд қилингани сабабли можаро келиб чиққан эди.

Лекин, бу сафаргиси янада аянчлироқ. Иддаога кўра, туғилган чақалоқнинг жинси унинг ота-онасига «қиз» деб маълум қилинган, кейин уларга ўғил боланинг жасади берилган, ота-она шубҳаланиб, ДНК экспертизаси қилдиришганида чақалоқ умуман уларга тегишли эмас бўлиб чиққан!

Буни Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизматининг Kun.uz’га берган маълумотномаси ҳам тасдиқламоқда. Унга кўра, «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази томонидан ўтказилган одам ДНКси экспертизасининг 2019 йил 31 майдаги 4250/12Д-сонли хулосасига кўра, вафот этган чақалоқ мурдасидан олинган биологик намуналар ариза муаллифлари Г.К. ва Ф.М.нинг вафот этган чақалоққа нисбатан биологик ота-оналиги тасдиқланмагани аниқланган».

Kun.uz мухбири ва бошқа журналистлар перинатал марказда бўлиб, воқеа гувоҳлари ҳамда мутасаддилардан воқеа тафсилотларини сўради.

Вилоят перинатал маркази директори Лола Ҳамроеванинг айтишича, бу масканда вилоятдаги барча оғир аҳволдаги ҳомиладор оналар даволанади ва туғруқ қабул қилинади. Яъни бу масканда оналар ва болалар ўлими кузатилиши табиий. Марказнинг шаҳар ва туманлардаги туғруқхоналардан фарқи ҳам шунда. Бугунги кунга келиб шаҳар ва туман туғруқхоналарда оналар ва болалар ўлими кузатилиши нотабиий ҳолат сифатида баҳоланади. Бундай нохуш воқеалар фақат перинатал марказда кузатилади.