Жамият | 17:20 / 25.06.2019
11222
2 дақиқада ўқилади

Олий суд раиси ўринбосари: 90 ёшга кирган фуқаро 50 йил аввалги ҳукмни бекор қилишни сўради

Бугун, 25 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий суд раҳбарияти ва журналистлар иштирокида «Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар  берди.

2019 йил 5 ойида 877 нафар фуқарога нисбатан тегишли кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Шундан Ёшлар иттифоқи кафолати бўйича 139, Хотин-қизлар қўмитаси кафолати асосида 99, «Маҳалла» жамоат фонди кафиллик хати асосида 639 нафар фуқаро озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, қамоқдан озод этилди ва оиласи бағрига қайтарилди.

Жазони ўтаётганлар билан алоҳида иш олиб борилмоқда. Ўтган 5 ойда 12 минг 495 маҳкум шартли равишда жазоси енгилроғига алмаштирилди. Суд залидан 1492 киши қамоқдан озод қилинган.

Ўтган йили 4 мингдан зиёд, 2019 йил 5 ойида 5 минг 106та суд ишлари ОАВда ёритилди.

Халқимизнинг ҳуқуқий онги бўйича фикр юритаркан, Холмўмин Ёдгоров бир мисол келтирди: «Ёши тўқсондан ошиб қолган отахон келди ва бундан эллик йил аввал кўрилган, ҳозирда архивга ўтказиб юборилган суд иши ҳукмини тақдим қилди. Танишсак анча жиддий айблов билан ҳукм чиқарилган. «Шу ишни сиз қилганмисиз, ота?» деб сўрасак, «Мен қилганман, ёшликда бўлади-да. Энди мени оқлаб беришларингни сўрайман», дейди отахон. Фуқароларимиз орасида ана шундай қизиқ мурожаатлар билан келувчилар ҳам учраб туради».

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид