Жамият | 17:45 / 25.06.2019
12293
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бош консулхонаси ходимлари Новосибирскда ўзбекистонлик уч нафар ёш болани ўта ачинарли турмуш шароитидан қутқарди

 Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги бош консулхонаси ходимлари шаҳардаги Дзержинск тумани вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекцияси инспекторлари билан ҳамкорликда уч нафар ўзбекистонлик ёш болакайни ўта ачинарли турмуш шароитидан озод қилди. 

Болаларнинг отаси Нўъмонжон Каримов Қашқадарё вилоятидан бўлиб, 2004 йил Новосибирск шаҳрига ишлагани келган. Бир йилдан сўнг у Россияга хотини Шаҳлони ҳам олиб келади. 2005-2011 йиллар давомида улар уч фарзандлик бўлади.

Маълумотларга қараганда, ёш оиланинг тўнғич фарзанди уй шароитида дунёга келган, унга туғилганлик тўғрисидаги шаҳодатнома олинмаган. Болаларга туғилгандан бери тиббий ёрдам деярли кўрсатилмаган, турли касалликларга қарши эмланмаган.

Н.Каримов тайинли ишга эга бўлмагани боис оила ўта ночор аҳволда, Россияда ишлашга ва яшашга рухсат берадиган ҳужжатларсиз яшаган. Бунинг устига оила раҳбари хотини ва болаларини тез-тез урадиган, улар билан жанжаллашадиган одат чиқарган. Бунинг оқибатида, қўшниларнинг таъкидлашича, Шаҳло уйдан бир неча марта қочиб кетган. Сўнгги марта у болаларни эрига ташлаб, Ўзбекистонга кетиб қолган.

Бош консулхона ходимлари ҳаракати билан бугунги кунда болалар Новосибирск шаҳридаги “Семья” оила ва болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. 

Новосибирск шаҳри миграция масалалари бўйича бошқармаси ходими Н.Каримов шахси текшириб кўрилиши ва у Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

Бош консулхона ходимлари Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқароларини мамлакатимизга қайтариш ва васий органлар ихтиёрига топшириш масаласини кўрмоқда.

Мавзуга оид