Жамият | 17:31 / 29.06.2019
5946
3 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров: партиямиз тизимида аёлларнинг бир соат камроқ ишлашига шароит яратиб бериш амалиётини синовдан ўтказяпмиз

Кеча, 28 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида 30 – июнь «Ёшлар куни» муносабати билан Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси бир гуруҳ ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унда сиёсий партиянинг янги сайланган раҳбари Алишер Қодиров ёшлар ва журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб берди. 

Тадбир давомида давлат ва нодавлат ташкилотларида ходимларнинг меҳнат қонунчилигида белгиланганидан кўп вақт ишлаши масаласида савол берилган.

«Меҳнат қонунчилигига бир хилда амал қилинмаслиги ҳақиқатда оғриқли масала. Бунда айниқса, турли ташкилотларда ишловчи аёллар кўпроқ қийналишади. 

Мен бир муддат аввал республика Маънавият ва маърифат марказида ишлаган пайтимда давлат ва нодавлат ташкилотларида ишловчи аёлларнинг ўзи, оиласи ва фарзандларига кўпроқ вақт ажратишлари учун шароит яратиш мақсадида уларнинг белгиланганидан бир соат камроқ ишлашини таклиф қилгандим.

Миллий қадриятларни ҳимоя қилиш партиямизнинг асосий мақсадларидан биридир. Қадриятларимизда аёлга ҳурмат алоҳида ўрин тутади. Шу боисдан, Миллий тикланиш партиясига раҳбар бўлиб келганимдан сўнг вилоят бўлимларига тавсия хати юбордим. Яъни корхона-ташкилотлардаги иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида тузиладиган жамоа шартномаларига аёлларнинг истагидан келиб чиқиб бир соат қисқартирилган иш вақтини белгилаш бўйича қоида киритишни таклиф қиляпмиз. 

Таклифга кўра, агар партиямиз тизимида ишловчи аёллар ўзи истаса белгиланганидан бир соат камроқ ишлаши ва кўпроқ вақтини ўзи ва оиласи учун ажратиши мумкин. Қайтараман, бу мажбурият эмас, тавсия», дейди партия раҳбари.

Алишер Қодировнинг айтишича, бир нечта ҳудудий бўлимларда синовдан ўтказилган мазкур амалиёт ўзининг яхши самарасини берган. Хусусан, аёлларнинг ишга бўлган муносабати, қараши яхши томонга ўзгарди, иш унуми ошди, ўзларининг айтишича, энди улар фарзандлари тарбиясига кўпроқ вақт ажратмоқдалар.

Мавзуга оид