18 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан 6-очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда қарийб 500 нафар тадбиркор бевосита, яна 25 мингга яқин бизнес вакили ҳудудлардаги студиялар орқали қатнашди. Эълон қилинган энг муҳим янгиликлар — электр ва газ учун олдиндан тўлов миқдори тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун 100 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиши, текширувларга 3 йиллик мораторий эълон қилиниши, молиявий жарималар миқдорини ўртача икки баробар камайтирилиши ва давлат хизматларида “сукут - розилик” тамойилининг йўлга қўйилиши кабилар бўлди.

Очиқ мулоқот давомида бизнесни молиялаштириш, давлат активларини хусусийлаштириш, экспорт, сунъий интеллект, солиқ ва назорат тизими, қурилиш, туризм ҳамда капитал бозорига оид қатор янги ташаббуслар эълон қилинди.

Хўш, бу қарорлар амалда тадбиркорлар учун нимани англатади? Энг муҳим ўзгаришлар ҳақида маълумот берамиз.

Сунъий интеллект бизнесга кириб келмоқда

Очиқ мулоқотда сунъий интеллект алоҳида йўналиш сифатида кўрсатилди.

Аввал ишга туширилган “Виртуал солиқ маслаҳатчиси”дан ташқари, келаси йилдан қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматлари бўйича ҳам сунъий интеллект ёрдамчилари жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Яна бир муҳим ташаббус – “10 минг корхона учун сунъий интеллект ҳамкор” дастури.

Дастур доирасида корхоналарда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш харажатларининг 50 фоизи компенцация қилинади. Сунъий интеллект моделлари яратишда давлат суперкомпютеридан бепул фойдаланиш имконияти берилади. Тайёр АИ ечимлари эса очиқ платформага жойлаштирилади.

Давлат активларини сотиб олиш осонлашади

Давлат мулкини хусусийлаштириш тартибида ҳам қатор енгилликлар эълон қилинди.

Давлат активларини сотиб олишда аванс тўлови 30 фоиздан 15 фоизга туширилади. Олти ой ичида тўлиқ тўлов қилган харидорларга 25 фоиз чегирма берилади.

Сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолган қисмини етти йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконига эга бўлади.

Шунингдек, уч ой давомида сотилмаган давлат активларининг бошланғич нархи босқичма-босқич пасайтирилади, аукцион муддатлари эса икки баробарга қисқартирилади.