Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзув юзасидан изоҳ берди.

«Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган Андижон вилоятига оид мақолалар кўплаб муҳокамалар, мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан, ҳудудда ташкил этилган дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳсулотлари тиббиёт муассасаларига монопол тарзда  ўтказилаётгани билдирилмоқда. Бу хусусда қуйидагиларни айтиш мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги «Фармацевтика тармоғини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5229-сонли Фармонига кўра аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган дорилар, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган эди.

Фармон ижроси доирасида 2018 йилнинг апрель ойида «GOLD GROWN PHARMA» МЧЖ томонидан ижтимоий аҳамиятга эга тиббий буюмлар рўйхатига киритилган тиббиёт қўлқоплари (перчатка) ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилди ва 150та янги иш ўрини яратилиб, маҳаллий бюджетга ойма-ой 75 млн. сўмгача солиқ тўловлари амалга ошириляпти. 

Шунингдек, 2018 йил декабрь ойида «MAKRO FARM ANDIJAN» МЧЖ томонидан шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. 110 та янги иш ўрини яратилди. Ҳар ойда маҳаллий бюджетга 60 млн. сўмгача солиқ тўловлари келиб тушмоқда.

Ушбу корхоналарда ҳар йили 24 млн. дона ностерил ва 54 млн. жуфт стерил хирургик тиббий қўлқоплар ҳамда 136 млн. дона шприцлар ишлаб чиқарилади. Нарх масаласига келсак, бугунги кунда давлат тиббиёт муассасаларига 2 мл. ҳажмдаги шприц 260-300 сўмдан, 5 мл. шприц 280-500 сўмдан, 10 мл. шприц 320-600 сўмдан харид қилинмоқда. Республика комиссияси томонидан улгуржи сотиш нархлари бир дона ностерил резина қўлқоплари учун 650 сўм ва бир жуфт стерил хирургик резина қўлқоплари учун 2500 сўм этиб белгиланган.

Ҳозирда, «MAKRO FARM ANDIJAN» МЧЖ томонидан 2 мл. ҳажмдаги шприц 220 сўмдан, 5 мл. шприц 245 сўмдан, 10 мл. шприц 310 сўмдан, «GOLD GROWN PHARMA» МЧЖ томонидан ностерил резина қўлқоплари 500 сўмдан, бир жуфт стерил хирургик резина қўлқоплари 1800 сўмдан давлат тиббиёт муассасаларига етказиб берилмоқда.

2019 йил давомида Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган давлат тиббиёт муассасалари «GOLD GROWN PHARMA» МЧЖ билан 8,4 млн. дона ностерил қўлқоплар, 9,6 млн. жуфт стерил хирургик қўлқоплар харид қилиш учун ҳамда «MAKRO FARM ANDIJAN» МЧЖ билан 5 турдаги 11,2 млн. дона шприцларни харид қилиш учун шартномалар имзоланган ва изчил бажариб келинмоқда.