30 июнь – Ўзбекистонда Ёшлар куни. Аҳолисининг 60 фоизга яқинини ёшлар ташкил этадиган мамлакатда ёшлар куни айнан бу санада белгилангани Ёшлар Иттифоқининг ташкил топган санаси билан боғлиқ.
2017 йил 30 июнь санасида Президент Қарорига асосан аввалги «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати «Ёшлар Иттифоқи» этиб қайта ташкил этилди. Бунга 2001 йилдан бери ёшларни бирлаштирувчи ташкилот сифатида фаолият кўрсатиб келган «Камолот» нинг фаолиятидаги камчиликлар туртки бўлди.
«Бугун «Камолот» ўзига жуда кам масъулият олмоқда. Биз буни тўғрилаймиз. Асосий мақсад танқид қилиш эмас, асосийси, муаммоларни ўз вақтида пайқаш ва ҳал этиш», – деган эди давлат раҳбари.
Шундан сўнг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги «Ёшлар Иттифоқи» нодавлат-нотижорат ташкилоти мамлакатда ёшлар сиёсатининг асосий ижрочиси сифатида белгиланди.
Аммо ўтган икки йил мобайнида мазкур ташкилотга нисбатан аҳоли ўртасида салбий фикрлар, кескин танқидлар ҳам кузатилди, «Иттифоқчилик» ва унга қарама-қарши ўлароқ «уюшмаган ёшлар» каби жумлалар пайдо бўлди, ташкилотнинг лойиҳаларига нисбатан салбий баҳолар ҳам берилди.
2018 йилнинг июль ойида Шавкат Мирзиёев ташкил топганига энди бир йил тўлган ташкилот фаолиятини танқид қилган эди.
«Ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжуд. Жумладан, катта мақсадлар билан тузилган Ёшлар Иттифоқи ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга етарлича эътибор бермаяпти. Ташкилот ўтказаётган айрим тадбирлар дабдабабозлик, ўзини кўз-кўз қилишга ўхшаб қоляпти» , – дея таъкидлаган эди давлат раҳбари.
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётида муносиб ўринга эга бўлишига кўмаклашиш кабилар ташкилотнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Хўш, ҳозирда 7,689,202 нафар ёшни бирлаштирган бу ташкилот нималарга эришди, қандай лойиҳаларни амалга оширди?
Ёшларни рағбатлантириш мақсадида бир неча мукофотлар, хусусан, йилнинг энг фаол ёшлари учун «Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи мукофоти» , мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол ёшлар учун «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони таъсис этилди (мукофот аввал ҳам бўлган). Таълим жараёнида аъло натижаларни кўрсатган ва фаол бўлган талабалар учун тўлов шартноманинг 35 фоизини қоплаб берувчи «Ёшлар иттифоқи» стипендияси ташкил этилди («Камолот» даврида ҳам мавжуд бўлган) . Шунингдек, инновацион ва креатив ғояларини татбиқ этишни истовчилар учун «Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танлови йўлга қўйилди.















