Йиғилишда қайд қилинишича, бугунги кунда аҳоли 38 миллионни ташкил этаётган бўлса, шундан 9,5 миллиони ёки қарийб 25 фоизи 14-30 ёшдаги йигит-қизлардир. Ҳар йили 270 мингта ёш оила шаклланмоқда.
Стратегияда ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, сифатли ва инклюзив таълимни ривожлантириш, хорижий тилларни оммалаштириш ва касбий таълимни кенгайтириш, меҳнат бозорини рағбатлантириш ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, маданий, жисмоний ва маърифий ривожланишни кучайтириш, волонтёрлик ҳаракатини кенг ёйиш, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, очиқлик ва иштирок механизмларини кенгайтириш каби устувор йўналишлар белгиланган.
Тақдимотда 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган асосий мақсадли кўрсаткичлар кўриб чиқилди. Хусусан, ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 2030 йилга қадар 900 минг ёшни волонтёрликка жалб этиш, ўқув марказлари сонини 90 мингтага етказиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билимини B2 даражасига олиб чиқиш, ёшлар жиноятчилигини камайтириш, ҳар йили камида 10 мингта ёш оилани ипотека орқали қўллаб-қувватлаш каби вазифалар назарда тутилган. Таълим соҳасида ёшларнинг сифатли билим олиши, нодавлат таълим хизматларини қўллаб-қувватлаш, чекка ҳудудларда ўқув марказлари имкониятларини кенгайтириш, хорижий тилларни ўрганишни рағбатлантириш бўйича янги имтиёзлар назарда тутилган.
Жумладан, олис ва чекка ҳудудларда ўқув марказларини ташкил этишга 300 миллион сўмгача ссуда ажратиш, улар учун ижтимоий солиқни ва ўқитувчиларининг даромад солиғини 1 фоиз этиб белгилаш таклиф этилди. Шунингдек, B2 даражага эришган ёшлар учун хорижий паспорт расмийлаштириш учун божни, C1 даража ва тадбиркорлик ташаббуслари учун айрим давлат хизматлари тўловларини 50 фоизгача камайтириш таклиф қилинмоқда.
Ижтимоий фаолликни ошириш мақсадида волонтёрлик жамғармасидан 100 миллион сўмгача грантлар ажратиш, фаол ёшларни давлат ташкилотларида пуллик амалиётга жалб қилиш, илғор ижодкорлар учун Президент мукофотини жорий этиш, шунингдек, китоб ва Book-кафелар жойлашган “Ёшлар кўчалари”ни ташкил қилиш режалаштирилган. Ёшлар инфратузилмасининг минимал стандартлари белгиланади, ҳар бир ҳудуддан “ёшлар туман-шаҳарлари” танлаб олиниб, ушбу стандартларни жорий этиш бўйича намуна яратилади.
Ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, руҳий хавф омилларини қисқартириш, психологик кўмак тизимини кучайтириш масалалари ҳам стратегияда ўз аксини топган. Хусусан, руҳий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар улушини 40 фоизга камайтириш, туну кун ишлайдиган психологик алоқа марказини ташкил этиш, спорт билан шуғулланувчи ёшлар улушини 25 фоизга ошириш назарда тутилмоқда.














