Ўзбекистон | 12:35 / 01.07.2019
54535
2 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқшунос ҳайдовчиларга видеокамерасиз ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқини эслатди

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худайбердиев телеграмдаги каналида ҳайдовчиларга бугундан видеокамерасиз ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқи ҳақида эслатди.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 18-банди 4-хатбошисига биноан, ҳайдовчилар мобиль видеокамерасиз хизматни олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга.

Ушбу тартибни 2020 йил 1 январгача узайтириш лойиҳаси мавжуд, аммо ҳали у шунчаки лойиҳа холос, расмий ҳужжат эмас. Агар мабодо ЙПХ ходими сизга «бу тартиб 2020 йил 1 январдан кучга киради, ҳужжатларни кўрсатишга мажбурсиз» деса, Вазирлар Маҳкамасининг 975-сонли қарорига ҳеч қандай ўзгариш киритилмаганлигини, шу сабабли ЙПХ ходимининг талаби ноқонуний эканлигини тушунтиринг. Кучда турган қарорга бўйсунишга ҳамма мажбур», дейди ҳуқуқшунос.

Бундан аввалроқ Ички ишлар вазирлиги боди камералар билан боғлиқ ҳолат бўйича изоҳ берганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил декабридаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4075-сонли қарорига кўра боди-камераларни сотиб олиш Мудофаа саноати қўмитаси зиммасига юклатилган.

Қарорнинг 16-бандида шундай дейилади: «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси 2019 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буюртма ва талаблари асосида ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ходимлари, кейинги навбатда патруль-пост хизмати учун мобиль видеокамералар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш электрон тизими планшетлари харид қилинишини таъминласин».

Мавзуга оид