Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов икки блогер ўртасидаги зиддиятли вазиятга ўз муносабатини билдирди.

У бу ҳолат сўз эркинлиги бузилишига алоқадор эмаслигини қайд этиб ўтган.

«Икки блогер ўртасида низо келиб чиққан. Нозим Сафари ва Сардор Комилов ўртасида. Тушунишим бўйича, Сардор Комиловнинг мақоласига Нозим Сафари ҳақоратли муносабат билдирган.

Кейин Сардор Комилов унинг устидан Юнусобод тумани ИИБга шикоят ёзиб берган. У ерда нима гаплар бўлганидан, ким ўзини қанақа тутганидан хабаримиз йўқ. Лекин у ердан чиққанидан кейин Нозим Сафари ҳиссиётларга берилиб, ижтимоий тармоқдаги ўқувчилари эътиборига жуда қаттиқ гаплар ёзган. Унга бошқа блогерлар қўшилишган: «Мана, сўз эркинлиги дейишувди», «Ҳамаси ёлғон, ҳаммаси эртак», «Бизни РОВДга чақиришди, у ерда бизга қўпол муносабатда бўлишди», «Алламжонов, биз сизга ишонгандик», «Эртаклар тугади» деган жуда оғир гаплар янгради.

Эртаси куни булар бир-бири билан ярашиб олди. Лекин гапирилган гап отилган ўқ бўлиб, одамлар ўқиди, одамлар фикрларини ёзди, баҳслар бўлди. Агентлигимиз ва президентимиз, раҳбариятимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати, умуман давлатнинг бу йўналишдаги сиёсатини шубҳа остида қолдиришга сабаб бўлувчи ҳолат бўлди.

Шунинг учун мен ўртоқ блогерлардан илтимос қилмоқчи эдим. Ҳис-туйғуларга берилиб, бундай шошмашошарлик билан бутун бошли давлатнинг, агентликнинг ишларини ерга уришни бас қилишни сўрайман. Чунки бу бизга нисбатан ҳурматсизлик деб биламиз.

Ҳар қанақа ислоҳот бирданига бўладиган жараёнмас. Биз сўз эркинлигини таъминлаймиз, журналистларни, блогерларни қўллаймиз деганмиз. Агарда бирор давлат ташкилотида журналистга нисбатан қўполлик ёки унга нисбатан тазйиқ ўтказилиши ҳолати кузатилса, бу бутун давлат сиёсати ёлғон дегани эмас. Бундай ҳолатлар учун қонунда тегишли чоралар бор. Масалага холислик билан баҳо беришингизни илтимос қиламиз.