АҚШ ўз фуқароларини Атамбоевнинг қароргоҳи жойлашган ҳудудга бормай туришга чақирди
Давлат департаменти АҚШ фуқароларини Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг қароргоҳи жойлашган ҳудудларга боришдан сақланишга чақирди. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Қирғизистондаги элчихонаси хабар қилди.
"Қирғизистон матбуотининг хабар беришича, собиқ президент Атамбоевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида кўпсонли кишиларни қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Давлат департаменти бу Қўй-Тош ҳудудида тартибсизликларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиради", - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, АҚШ фуқароларига сув омборидан жанубдаги ҳудудларга: Кўк-Жар ва Чўн-Тош қишлоқларига бормаслик ёки улар орқали ўтмаслик тавсия қилинади.
"АҚШ ҳукумати ходимларига бу ҳудудларга бориш тақиқланади", - дейилади хабарда.
Май ойида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков собиқ президентларни дахлсизликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, собиқ давлат раҳбари ваколати тугагач ёки ҳукуматдан четлаштирилганидан сўнг айрим ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Атамбоевга қарши айбловларни махсус депутатлар комиссияси илгари сурди.
Парламентчиларнинг фикрича, Атамбоев жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қонунга зид равишда озод этилиши, Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида ерларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши, даромадларни яшириш, Бишкек ИЭС модернизацияси бўйича коррупция иши ва унга ноқонуний тарзда кўмир етказиб берилишига алоқадор.
Бош прокуратура айбловларнинг бир қисмини қўллаб-қувватлади.
Атамбоевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги уйи олдида унинг юзлаб тарафдорлари тўпланмоқда.
Мавзуга оид
08:31
AP: АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратмоқда
08:02
АҚШ Гонсалесни Венесуэланинг сайланган президенти сифатида тан олди
22:07 / 19.11.2024
АҚШ Россия ядро сиёсатининг ўзгариши муносабати билан ўз ядро доктринасини ўзгартирмайди
20:58 / 19.11.2024