Спорт | 14:30 / 02.07.2019
19886
2 дақиқада ўқилади

ЎФА президентлиги учун номзод кўрсатиш жараёни бошланди

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон футбол ассоциацияси президентлиги учун номзодларни рўйхатга олиш жараёни бошланди.

Ўзбек футболининг янги раҳбари ЎФАнинг 15 июль куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари конференциясида сайланади.

«ЎФА уставининг 41-моддасига мувофиқ, ЎФА аъзолари томонидан ЎФА президенти лавозимига номзод киритиш бўйича ёзма таклифлар 14 июлга қадар Тошкент шаҳри Ислом Каримов кўчаси 98-А уйда жойлашган ЎФА Бош котибиятига тақдим этилиши мумкин», – дейилади ассоциация расмий сайтида.

ЎФА уставига мувофиқ, президент лавозимига илгари суриладиган номзодлар қуйидаги шартлар асосида танлаб олинади:

 - Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;
 - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаган бўлиши;
 - ЎФА аъзоларининг ҳар бири ўзлари илгари сурадиган номзодни белгиланган тартибда номзод сифатида сайлаган бўлиши ва сайлов ўтказилганлиги тўғрисидаги йиғилиш баённомасини номзод киритиш бўйича ёзма таклифга илова қилиши лозим;

Юқоридаги шартларга мос келадиган номзодлар халқаро талабларга мувофиқ тарзда ЎФА томонидан ўрганиб чиқилади.

Маълумот учун, айни пайтда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ЎФА президенти саналади. У бу лавозимга 2018 йил январь ойида сайланган эди.

2019 йил июнида ЎФА вице-президентлари ўзгарган, жумладан Умид Аҳмаджонов ва Пўлат Бобожонов ўрнида Равшан Эрматов ва Муҳиддин Жўраев иш бошлаган эди.

Муҳиддин Жўраев ва Равшан Эрматов / Фото: Tribuna.uz

Мавзуга оид