Ўзбекистон Республикаси Президенти «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 16 апрелда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 21 июнда маъқулланган.

Қонуннинг мақсади шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг амал қилиши шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш чоғида қўлланиладиган ишлов бериш воситаларидан, шу жумладан ахборот технологияларидан қатъи назар юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

жисмоний шахс томонидан шахсга доир маълумотларга шахсий, маиший мақсадларда ва ўз касбий ёки тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлов бериш;

Миллий архив фонди ҳужжатларини ва шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган бошқа архив ҳужжатларини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш;

давлат сирларини ташкил этадиган маълумотлар жумласига киритилган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш;

тезкор-қидирув, разведка ва контрразведка фаолияти, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш жараёнида, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш доирасида олинган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш;

шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларининг қонунийлиги;

шахсга доир маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги;

шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва ҳимоя қилинганлиги;

субъектлар, мулкдорлар ва операторлар ҳуқуқларининг тенглиги;

шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлиги.

Шахсга доир маълумотлар соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.