Бугунги даврда шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш холис воқеликка айланди. Бинобарин, инсон ҳақидаги маълумот ҳар доим қимматли бўлган, айни вақтларда эса у ноёб товарга айланиб бормоқда. Шу боисдан инсоннинг шахсига доир маълумотларни муҳофаза қилиш, ундан турли ҳил ғаразли мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик, пировардида шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамиятга эга, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.
Унинг айтишича, бу борада қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун миллий қонунчиликда рақамли технологиялар даврида фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш, улардан фойдаланиш имкониятини соддалаштириш ҳамда қаерда ишлов берилишидан қатъий назар билдирилган мақсад учунгина фойдаланишини таъминлаш имкониятини беради.
Таъкидланишича, қонун бир қатор хориж мамлакатлари тажрибасига таянилган ҳолда ишлаб чиқилди. Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Япония, Малайзия, Европа Иттифоқи регламенти талаблари билан солиштирилиб, ижобий жиҳатлари эътиборга олинган.
Қонунда имкон даражасида ҳаволаки нормалардан кечилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган яхлит ҳужжат сифатида қабул қилинишига алоҳида урғу берилган. Қонунга кўра, шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази белгиланди. Ушбу орган бир қатор вазифаларни амалга оширади. Жумладан, шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш, шахсга доир маълумотларнинг зарур ҳимоя қилинганлик даражасини белгилаш, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларини бартараф қилиш ҳақида жисмоний ва юридик шахслар ижро этиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш ушбу органнинг асосий вазифалари қаторида белгиланган.
Шахсга доир маълумотлар деганда “муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот” тушунилмоқда.
Қонун жисмоний шахслар томонидан шахсий, маиший, профессионал ёки тижорат мақсадидаги фаолиятга, миллий ва бошқа архив фондларида мавжуд бўлган шахсий маълумотларни тўплаш, сақлаш, фойдаланишга, давлат сири таркибига кирувчи шахсий маълумотларни қайта ишлашга, жиноятга қарши курашиш, разведка, контрразведка, жиноий даромадларни легаллаштириш давомида қўлга киритилган шахсий маълумотларни қайта ишлашга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонун лойиҳасида шахсий маълумотлар соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Алоҳида моддада шахсий маълумотларни қайта ишлашда иштирокчилар кимлар экани қайд этилган. Унга кўра, субъект ва оператор, шунингдек, зарур ҳолларда субъект, мулкдор ва учинчи шахснинг қонуний вакили ҳам бўлиши мумкинлиги кўзда тутилган. Шахсга доир маълумотларни бериш, тарқатиш, шу жумладан ОАВ орқали ҳаммага ошкор қилиш ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш, трансчегаравий узатиш, эгасизлантириш, йўқ қилишга доир талабларга алоҳида моддаларда тўхталиб ўтилган.















