Ўзбекистон | 08:16 / 04.07.2019
10260
3 дақиқада ўқилади

Шерматов: «Айримлар китобларни биратўла йўқ қилиб, ҳар бир ўқувчи қўлига планшет тутқазишни маслаҳат беришган»

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

3 июль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирокида президентнинг 2019 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5712-сонли фармони мазмун-моҳияти ва унинг ижроси мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

9 та устувор йўналиш ва 48 та мақсадли кўрсаткич бўйича бажарилиши кўзда тутилган Концепциянинг соҳани малакали кадрлар билан тўлдиришга доир қисми ҳақида фикр юритар экан, Шерзод Шерматов айни пайтда бу борадаги аҳвол айтарли даражада мақтанарли эмаслигини, мисол учун, тизимда ишлаётган ўқитувчиларнинг қарийб олтмиш минг нафари олий маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

— Шундай таассурот уйғонадики, улар худдики ҳеч қаерда иш тополмагандан сўнг “Мен ҳам қаердадир ишлашим керак-ку”, деб мактабга келгандек, — деди Шерзод Шерматов.

Шунингдек, халқ таълими вазири давлат раҳбарининг 5 та ташаббусидан бири — китобхонлик ва ёшлар мутолааси масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Одамлар халқ таълими тизимини янада яхшилаш бўйича ўзларининг кўплаб маслаҳатларини юборишади, — деди Ш. Шерматов. — Айримлар ҳатто китобларни биратўла йўқ қилиб, ҳар бир ўқувчининг қўлига планшет тутқазиш ва дарсларни ҳам тўлиқ электрон шаклда ўтказишни маслаҳат беришган. Аммо мен бундай қилинишига ҳамиша қарши бўлганман.

Ишончим комилки, китоб ҳеч қачон йўқолмайди. Тараққиёт минг кучаймасин, китоб мутолааси асло йўқ бўлмайди. Бунга ривожланган давлатлар ҳам яққол мисол бўла олади. Масалан, АҚШдаги машҳур Amazon порталини олинг. Агар АҚШда биров босма китоб ўқимай қўйганида эди, мазкур порталга 40 миллион турдаги (сонини тасаввур қилаверинг энди) китоблар савдоси бўйича эълонлар жойлаштирилмаган бўлар эди.

Шерзод Шерматов қабул қилинган Концепция халқ таълими тизимини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берганини алоҳида таъкидлади, дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид