Айрим ОАВлар ва ижтимоий тармоқларда маҳкума Гулнора Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда у доимо руҳий босим остида эканлиги тўғрисидаги маълумотларнинг тарқалганини эътиборга олиб, Адлия вазирлиги жорий йилнинг 3-4 июль кунлари бевосита 21-сонли жазони ўташ Колониясига борган ҳолда, ҳолатни ўрганди.

Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, ўрганиш давомида аниқланишича, маҳкума Г. Каримова Колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

У ердаги яшаш шароитлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг (ЖИК) 117-моддасига жавоб беради. Унга мувофиқ, умумий режимдаги колонияларда маҳкумлар умумий турар-жойларида яшашади.

Шу билан бирга, Г. Каримова ЖИКнинг 9-моддасига мувофиқ, ўқув, бадиий ва бошқа турдаги ахборот материалларидан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, Колония кутубхонасининг аъзоси ҳамдир.

ЖИКнинг 78-моддасига мувофиқ, маҳкума Г. Каримова йўқлов ва бандерол олиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланган. Хусусан, жорий йилнинг 2 ва 3, 10 апрель ҳамда 10 июнь кунлари у тегишли бандерол ва йўқлов қабул қилинган.

2019 йилнинг 10 апрель куни Г. Каримованинг ҳисобварағига қизидан пул ўтказмалари келиб тушган. Г. Каримова жазони ўташ давомида колония дўконидан тўрт маротаба харидни амалга оширган ва ўрганиш пайтида унинг ҳисобварағида муайян миқдорда маблағ қолгани аниқланган.

ЖИКнинг 76-моддасига мувофиқ, Г. Каримова учрашув ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг 12 апрелидан 15 апрелигача у оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашувда бўлган (3 сутка).

Г. Каримова иккита қисқа муддатли учрашувлардан ёзма равишда бош тортган (2019 йилнинг 8 ва 10 апрель кунлари).

Г. Каримовага 2019 йилнинг 2 ва 17 апрель ҳамда 10 июнь кунлари швейцариялик адвокати билан учрашиш ҳуқуқи таъминланган. Бу ўз навбатида унинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганлигини далилидир.