Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ““Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжат билан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси тасдиқланиши мумкин.

3-моддага кўра, Вазирлар Маҳкамаси – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи ҳисобланиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди. Вазирлар Маҳкамаси коллегиал орган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида ижро этувчи ҳокимиятнинг ягона тизимига раҳбарлик қилади.

4-модда. Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг асосий принциплари - Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, коллегиаллик, ҳокимият тармоқларининг бўлиниши ва ҳамкорлиги, шунингдек, очиқлик ва шаффофлик Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг асосий принципларидир.

5-модда. Вазирлар Маҳкамасининг таркиби - Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раисларидан иборатдир. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

6-модда. Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш тартиби - Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.

Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Бош вазир номзоди унинг учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.