Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Эпизоотик вазиятини ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Эпизоотик вазиятини ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ветеринария жиҳатдан юқори хавфга эга бўлган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб кирилиши маълум бўлганда, янги савдо йўналишлари очилганда ва хорижий мамлакатларнинг маълум бир ҳудудларидан давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб келишда ҳайвонларнинг ўта хавфли касаллик қўзғатувчилари кириб келиши хавфи мавжуд бўлганда, ёҳуд носоғлом эпизоотик ҳудудда ишлаб чиқарилган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар олиб кирилиши режалаштирилгандагина ушбу товарлар эпизоотик ҳолатини ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш зарурати вужудга келади.
Қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб кириш режалаштирилганда мутахассисларни юбориш орқали улар етиштирилган ва ишлаб чиқарилган хорижий мамлакат ҳудудида ветеринария аудити ва ветеринария инспекция текшируви ўтказиш мажбурий ҳисобланади:
а) юқори ветеринария хавфга эга бўлган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб киришда:
барча турдаги тирик ҳайвонлар (ёввойи ҳайвонлар, цирк ва зоопарк ҳайвонлари, лаборатория ҳайвонлари ва номаҳсулдор ҳайвонлар бундан мустасно);
термик ишловдан ўтмаган келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё.
б) ўрта ветеринария хавфга эга бўлган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб киришда:
олиб кириш режалаштирилган мамлакатда эпизоотия тарқалганлиги ҳақида маълумотлар мазкур давлат ветеринария хизмати томонидан маълум қилинганда ёки ветеринария соҳасидаги халқаро ташкилот (Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти) расмий веб-сайтларида эълон қилинганда;
хавфни баҳолаш натижасида давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг ветеринария хавф даражаси юқори деб белгиланганда.
Лаборатория шароитида “in vitro” усулида тайёрланган ҳайвон эмбриони ҳамда трансплантация учун мўлжалланган наслли материаллар, ҳайвонлар касаллигига қарши вакциналар ишлаб чиқариш учун микроорганизм вакцина штаммларини олиб келиш учун мутахассис юбориш масаласи мурожаатчининг сўровига асосан алоҳида тартибда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.
















