«Манчестер Сити» ўзининг ёздаги энг асосий трансферини амалга оширди. Бу трансфер амалга ошиши ҳақда ўтган мавсумдаёқ миш-мишлар пайдо бўлганди. Ҳа, гап Родри ҳақида кетмоқда.

«Сити» майдалашиб ўтирмади-да, «Атлетико»нинг «оғзига сиққанини» тўлади ва таянч зонасида дунёнинг энг зўр футболчиларидан бирини қўлга киритди. Родри «Манчестер Сити» учун жуда муҳим футболчи эди, шу боис «Шаҳарликлар» бу трансфер учун савдо қилиб ўтиришмади.

Нега унинг келиши Пепнинг жамоаси учун шунчалик муҳим эди?

«Жаноб Муборак, менга шу йигит керак...»

«Бавария» президенти Уле Хёнес Гвардиола «Манчестер Сити»да қандай футболчи сотиб олиши ҳақида ҳазиломуз гап айтганди: «У «Сити»нинг хўжайини билан бирга овқатланаётган вақтда унга олиб келмоқчи бўлган футболчиси ҳақида бир нечта видео қўйиб беради ва шайх ўша ернинг ўзида трансфер учун пулни ўтказиб беради. Эртасига эса у бирор мамлакатга кетаётган газ трубасидаги винтелни озгина бураб қўяди ва ҳаммаси ўз ўрнига тушади».

Гвардиола сўраган футболчиларнинг деярли барчаси «Манчестер Сити»да пайдо бўлаётганини инобатга олсак, бу гаплар ҳақиқатга яқин. Чунки Пеп раҳбариятнинг ишончини қозониб бўлган.

Родрининг трансфери Гвардиола учун шунчалик муҳим эдики, у «Атлетико» футболчисининг ҳаракатлари тасвирланган видео тайёрлаб ҳам ўтирмаган, менимча. Мураббий шунчаки клуб хўжайинининг олдига кириб шундай деган: «Жаноб Халдун, Бускетсни ололмадик, энди Родрини олмасак бўлмайди. Менга шу йигит керак...». Гвардиолада ҳар биз чизиқда бир нечтадан футболчи бор, лекин таянч зонаси ҳақида бундай деб бўлмайди. Шу боис Родрининг келиши клубни фақат кучайтиради.

Фернандиньо энди алмаштириб бўлмас футболчи эмас

«Манчестер Сити» Европанинг энг зўр клуби бўлмаслиги мумкин, лекин Гвардиола жамоаси захира ўриндиғи борасида тенгсиз десак, муболаға бўлмайди. Масалан, Гвардиоланинг ярим ҳимоясида шунчалик футболчи кўпки, у ҳар ўйинда бошқача футболчи туширавериб, футбол-менежер ўйинлари шайдоларини «безор қилган». «Сити» ярим ҳимоясида Фернандиньо билан кимлар ўйнашини жамоанинг ашаддий мухлислари ҳам тахмин қила олишмайди. Ҳа, фақат Фернандиньо ўзгармас футболчи сифатида ўйнашига одатланганмиз.

Бразилиялик футболчи шахсан менинг фикримча, дунёдаги энг кучли таняч ярим ҳимоячиларидан бири. 34 ёшга кирган Фернандиньо ўз ишини ҳамон аъло даражада бажариб келади. Аммо унинг фаолияти якунига етиб бормоқда ва жамоа янги футболчини олиб келиши керак эди. Бундан ташқари рақобатнинг йўқлиги ҳар қандай футболчини хотиржамликка ундайди ва бу ўйин сифатига таъсир қилади.