Оммавий ахборот воситаларида тунги клублар мавзуси яна тилга олина бошлади. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, дейишади. Бу бежиз эмасдек. Чунки, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов тунги вақтларда ишловчи ресторанлар, кафе ва бошқа кўнгилочар масканларга хавфсизликни таъминлаш бўйича муайян талаблар қўйилиши тўғрисида маълум қилган эди. Орадан ҳеч қанча ўтмай телеграмдаги davletovuz каналида унинг фаолиятига ҳуқуқий ечим топилиши ҳақида хабар тарқатилди.

«Айтишларича, Ички ишлар вазирлиги томонидан тунги клубларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётган экан. Чиндан ҳам, тунги клубларда юз берган охирги инцидентлар  сабабли ушбу масала жамиятимиз кун тартибига чиққан эди. Ҳукумат шуларни ҳисобга олган ҳолда мақбул ечимни излаётганга ўхшайди. Чунки, маълум бўлишича, республика бўйича икки юзга яқин тунги клублар фаолият юритса-да, уларда ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича умумий талаблар белгиланмаган. Ҳамма ўз билганича иш тутади.

Охирги воқеалар, айниқса, Юнусободдаги «Аурум 898» тунги клубидаги ҳодисалар шуни кўрсатдики, одамларимиз учун тунги клублар жуда баҳсли, нозик масала. Агар ушбу масала тартибга солинмас экан, тунги клубдаги ҳар бир ҳолат учун жамоатчиликнинг қаҳрига дуч келаверамиз.

Дунё кўрган юртдошларимиз биладики, энг яхши шаҳар, истаймизми-йўқми, тунги ҳаёти бор шаҳар. Тунги ҳаёт ҳар қандай мегаполиснинг энг муҳим атрибутларидан бири саналади. Айниқса, бизга ўхшаб шаҳар аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этадиган мамлакатлар учун бу жуда муҳим. Кошки ёшларни соат 23:00дан кейин уйга қамаб қўйиш билан бирор мақсадга эриша олсак. Албатта, шуни унутмаслик керакки, тунги ҳаёт тунги клублардан иборат дегани эмас.

Яна бир масала. Ўзбекистон бугун ўз эшикларини туристларга кенг очаяпти. Бундай пайтда туристлар фақат тарихий обидаларни кўриб, мазза қилиб кетади, дейиш билан иш битмайди. Ўзбекистон шаҳарлари фақат пенсионер туристларни эмас, балки ёш сайёҳлар учун ҳам қизиқ, қайноқ ва жозибали бўлиши керак. Фақат битта шарти бор: тунги клуб ва бошқа кўнгилочар масканлар атрофдаги одамларнинг ҳаловатини, оромини бузмасин, бундай жойга борган одамнинг ҳаёти, соғлиғига биров хавф солмасин», дейилади унда.

Хабарда илгари сурилган таклифларга қўшилган ҳолда айтиш мумкинки, чиндан ҳам сўнгги вақтларда тунги клубларда содир бўлган кўнгилсиз ҳодисалар одамларимиз учун баҳсли, хавотирли масалага айланди.