Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган “Ўрмон тўғрисида”ги 770-I-сонли қонунига қуйидаги ўзгартишлар киритилиши мумкин:

8-модданинг (Ўрмон фонди ерлари) иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Ўрмон фонди ерлари Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгалик қилиш, фойдаланиш учун, шу жумладан ижарага давлат-хусусий шериклик асосида ўрмон хўжалиги органлари томонидан 50 йилгача муддатга берилиши мумкин.”;

13-модданинг (Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари) биринчи қисми тўққизинчи хатбошисидаги “кесиш, шунингдек асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш” деган сўзлари “кесиш” деган сўзи билан алмаштирилади;

31-модданинг (Ўрмондан фойдаланиш):

еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Ўрмондан қисқа муддатли ёки узоқ муддатли фойдаланиш ҳуқуқини ўрмондан доимий фойдаланувчилар томонидан бериладиган тегишли ҳужжатлар асосида давлат ўрмон фонди участкаларидан фойдаланишни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар ўрмондан вақтинча фойдаланувчилардир.”;

саккизинчи қисмидаги “ўн йилгача” деган сўзлари “эллик йилгача” деган сўзлари билан алмаштирилади;

33-модданинг (Ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари) иккинчи қисми саккизинчи хатбошиси чиқариб ташланади;

40-моддадаги (Асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш) “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг рухсатномаси бўйича” деган сўзлари “давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан” деган сўзлари билан алмаштирилади;

45-модданинг (Илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш) иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланишга ўрмондан доимий фойдаланувчилар томонидан йўл қўйилади.”.