Кечки дриас деб аталувчи совуқ давр сўнгги музланиш якунида бошланган. Унинг сабабларини тушунтиришга қаратилган фаразлардан бирига кўра, ўша пайтда Ерга комета ёки унинг парчалари келиб урилган бўлиши мумкин. 2026 йилда эълон қилинган икки тадқиқот эса ҳодисага турлича изоҳ бермоқда.
Люсен Нана Йобо бошчилигидаги гуруҳ Флоридадаги Пейж-Ладсон сувости археологик ёдгорлиги чўкиндиларини ўрганган. Натижалар Science Advances журналида тақдим этилган.
Бу жойда кечки дриас бошланишини қамраб олувчи, ёши яхши аниқланган узлуксиз чўкинди қатламлари сақланган. Олимлар улардаги осмий изотоплари нисбатини, шунингдек, рений ва моддаларнинг келиб чиқишини ажратишга ёрдам берадиган бошқа элементлар миқдорини текширган.
Совиш бошланган даврга мос қатламларда осмийнинг изотоп таркиби ўзгаргани, осмий ва рений миқдори эса ошгани аниқланган. Бироқ элементларнинг ўзаро нисбати метеорит моддасидан кўра вулқон аэрозолларига — отилиш пайтида атмосферага тарқаладиган майда заррачаларга кўпроқ мос келган.
Муаллифларнинг фикрича, топилган кимёвий белгиларни коинотдан келган модда билан эмас, вулқон отилиши маҳсулотлари билан тушунтириш асослироқ.
Техас A&M университети 10 августда натижалар ҳақида хабар бериб, гуруҳ бошқа ҳудудлардаги мустақил маълумотлар билан ҳам таққослаш ўтказганини билдирган. Тадқиқотчилар талқинига кўра, қисқа вақт ичидаги бир нечта йирик отилиш Атлантика океанидаги сув айланишини издан чиқариб, иқлим ўзгаришларини бошлаб берган бўлиши мумкин.
«Тадқиқотимиз асосий ролни космик зарба эмас, вулқон фаоллиги ўйнаганига доир ишончли геокимёвий далиллар беради», — деган етакчи муаллиф Люсен Нана Йобо.
Космик зарба фарази тарафдорлари эса Гренландиядан олинган намуналарга таянмоқда. Мэн университетининг Иқлим ўзгариши институти 1 июнда Жеймс Кеннет, Пол Майевски, Андрей Курбатов ва ҳаммуаллифлар тадқиқоти ҳақида маълумот эълон қилган.
Улар Кангерлуссуак ҳудудида, муз қалқони четидаги муз қатламларини ўрганган. Чангга бой қорамтир қатламда зарбага хос микротузилмаларга эга кварц, эриб қайта қотган шиша, майда шарсимон заррачалар, углеродли заррачалар ва айрим металлар, жумладан, платина гуруҳи элементлари билан бойиган нанозаррачалар тасвирланган.
Муаллифлар бу белгилар биргаликда қисқа давом этган юқори энергияли ҳодиса — космик жисмнинг Ерга урилиши ёки атмосферада портлашига мос келишини ҳисобламоқда.

















