Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Эскандер Трушиннинг тадқиқотлари натижаси бугунги Ўзбекистон учун жуда муҳим. Биз навбатдаги марта айро йўл устида қолдик. Хўш, биз қайси йўлдан юришимиз керак: имтиёзлар тақдим этиш, импорт учун тўсиқлар ўрнатиш, иқтисодиётга оммавий равишда давлат ва ярим давлат инвестицияларни жорий этиш воситасида рақобатни чеклаш ҳамда «миллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш» йўли биланми ёки хусусий тадбиркорлик юритиш харажатларини қисқартиришга йўналтирилган рақобат олдидаги ҳар қандай маъмурчилик, ҳар қандай тўсиқларни бартараф этувчи ижобий бизнес-иқлим яратиш йўлими?

Биринчи йўлдан кўп йиллар ва ўн йилликлар давомида бирор муваффақият нишонасисиз юриб келгандекмиз. Бир қарашда, бу йўл ҳеч қаерга олиб бормаслиги кундек равшан. Лекин ундай эмас, деб фикрловчилар ҳам топилмоқда. Гарчи бироз бошқача кўринишда бўлса ҳам, эски сиёсат давом этмоқда.

Бунга иккита сабаб бор.

Биринчидан, эски тизимда ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилган, турли фойдали даромадлар чиқариб олиш имконига эга бўлган инсонлар ва ижтимоий гуруҳлар «янги рельслар»га ўтишга қарши. Улар, табиийки, бозор ислоҳотларига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатишади.

Иккинчидан, 10 йил, 20 йил аввал иқтисодиётни бошқарган айрим инсонлар уни ҳамон бошқаришда давом этишмоқда. Улар шунчаки бошқачасига бошқаришни билишмайди. Эски услубдаги давлат бошқарувчилари иқтисодиётга таъсир ўтказишнинг фақат икки йўлини билишади: тақиқлаш ва имтиёзлар тақдим этиш.

Шунинг учун яна бир карра ечими гўёки аввалроқ топилган масалага қайтишга тўғри келмоқда. Жаноб Трушиннинг мақоласи ва божхона тўловларини ошириш борасидаги сўнгги воқеалар мени унинг тақдимотида айтиб ўтганим айрим мулоҳазаларга ундади. Ушбу мақола — ўша мулоҳазаларнинг қисқача баёни.

Саноат сиёсати қандай усуллар билан ўтказилди?

Мен жаноб Трушиннинг бир фикрига қўшилмайман — 1996 йилдан 2016 йилгача Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш йилига 5 фоиз атрофида (ислоҳотларгача бўлган сўнгги йилларда ҳаттоки 8-9 фоиз) бўлганига. Бундай маълумотларни ўзимизнинг статистикамиз тақдим этган ва буларнинг реал ҳолат билан ўхшашлиги йўқ, иқтисодий ўсиш статистикаси шунчаки осмондан олиб «чизилган», буни амалдаги президент ҳам бир неча марта гапириб ўтди. Ўсиш даражаси қандай бўлгани-ю, ўзи ўсиш бўлган-бўлмаганини ҳеч ким билмайди. Кимдир ҳукумат «қўш бухгалтерия» юритгани, бирини биз учун (сохтаси), бошқасини ўзи учун (сохталаштирилмаган статистика) юритган, деб ўйласа адашади. Таассуфки, ишларнинг реал аҳволи раҳбариятимизни мутлақо ташвишлантирмаган ва махфий «тўғри» статистикани ҳеч ким юритмаган.