Бу чоралар президентнинг 2026 йил 28 сентябрдаги «Аграр соҳада молиявий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш ва таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–354-сон қарорида назарда тутилган.

Қарорга кўра, 2026 йил ҳосилида пахта хомашёсининг ҳар бир тоннаси учун 500 минг сўмдан субсидия берилади. Бунда 4 ва 5-навли пахтага субсидия ажратилмайди.

Пахта-тўқимачилик кластерлари ва улар таъсисчи бўлган корхоналарга 2026 йилда ўзига бириктирилган майдонларда пахта етиштирилган ҳар бир гектар учун 1,5 миллион сўмдан ажратилади.

2027–2029 йилларда чорвачилик хўжаликларига асосий майдонларда озуқа экинлари етиштиргани учун ҳар гектарга йилига 500 минг сўмдан субсидия берилади. Маблағ Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги хулосаси асосида ажратилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 июнга қадар тадбиркорларга совитилган мол ва қўй гўштини импорт қилишда ҳар килограмм учун 2,5 минг сўмдан субсидия тўланади.

2027 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар ҳуқуқий тажриба тариқасида «Натижавий субсидия» тизими жорий этилади. У қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплашга татбиқ қилинади.

Бунда субсидия миқдори фақат харажатларга эмас, балки ҳосилдорлик, маҳсулот сифати ва бошқа натижа кўрсаткичларига ҳам қараб белгиланади.

Қарорда аграр соҳадаги суғурта бўйича ҳам чоралар назарда тутилган. Уч йил давомида суғурта ҳодисаси кузатилмаган қишлоқ хўжалиги корхоналарига тўртинчи йилдан бошлаб суғурта мукофотига 10 фоиздан 20 фоизгача чегирма берилади.

Суғурта мукофотларининг 3–5 фоизи эса огоҳлантирувчи тадбирлар захирасига йўналтирилади.