Ўзбекистон Президентининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби тасдиқланди.

Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқади.

Ушбу дастурда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор қаратилади.

“Айниқса, охирги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, халқимизнинг турмуш даражасини, онгу тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича қилинган ишларни конкрет далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар ва экспертлик баҳолари орқали мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эгадир”, дейилади ҳужжатда.

Республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилади ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминланади.  

Бу тадбирларни ташкил этишда мамлакатимизни модернизация қилиш, турли соҳа ва тармоқларни либераллаштириш борасида қўлга киритилган ютуқ ва натижалар бу йўлдаги дастлабки қадамлар эканини таъкидлаган ҳолда, баландпарвозлик, расмиятчилик ва юзакилик ҳолатларига йўл қўймасдан, холислик ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилади.