Олий ўқув юртлари минглаб талабаликни орзу қилган абитуриентлар билан тўлган палладамиз. Таълим даргоҳларидаги қабул жараёнини кузата туриб, ёшларни ўқишга бўлган қизиқишидан кўнгил кўтарилди. Бироқ, айрим ОТМларда ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида камчиликлар юзага келмоқда.

Маълумки, бу йил ҳужжатлар қабул қилиш жараёнига қатор ўзгартириш ва янгиликлар киритилган. Энди абитуриент ОТМга ўзи билан 10 та қоғоз ҳужжатларни, иш папкаси, суратларни кўтариб келмайди. Қабул электрон тарзда амалга оширилмоқда. Абитуриент қўлида — шахсни тасдиқловчи ҳужжат, маълум ўқув юртини битирганлик ҳақидаги диплом ёки шаҳодатнома бўлиши кифоя.

Андижон шаҳридаги мавжуд олий таълим муассасаларида бўлиб, абитуриент ва ота-оналарга яратилган шарт-шароитлар билан танишдик.

Андижон давлат университети биносига яқинлаша бошлашингиз билан йўлдаги машиналар тирбандлигини кўрибоқ қабул бошланганини сезасиз. АДУ ҳовлиси «ўқитувчи бўламан», деган ўспирин қиз-йигитлар билан тўла. Талаба бўлишни орзулаган ёшлар оқимининг кўплиги қабул комиссиясига қийинчилик туғдирмоқда. Кириш йўлагидаги тумонат ёшлар навбат нималигини билмайди. Тирбандлик, бир-бирини ҳурмат қилмаслик авжида. Тонг саҳардан келиб навбат кутиб турган абитуриентлар бор экан. Вазиятни ички ишлар ходимлари тартибга солиб туришибди.

Университет қабул комиссияси масъул котиби Азаматжон Маматюсупов билан дилни хира қиладиган ҳолат бўйича суҳбатлашдик.

«Бу йил университетимизнинг кундузги бўлимига 37та таълим йўналиши бўйича 2115та, сиртқи бўлимга эса 13та таълим йўналишида 875та, жами 2990та квота ажратилган бўлиб, 15 июндан қабул жараёнини бошлаганмиз.