Ўзбекистон | 16:30 / 10.07.2019
3416
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ўтган биринчи туристик ярмарка доирасида 54дан зиёд битим имзоланди 

9 июль куни Самарқанд шаҳрида старт олган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Биринчи туристик ярмаркаси доирасида МДҲ мамлакатлари туристик ташкилотлари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга доир 54дан ортиқ келишув имзоланди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси Арманистон туризм федерацияси ва Беларусь Республикаси туризм иттифоқи билан келишув имзолади. Шунингдек, Ўзбекистон Отелерлар ассоциацияси ва Қирғизистон Курортлар ассоциацияси ҳамда кўплаб туристик ташкилотлар ўртасида битимлар имзоланишига эришилди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида «МДҲ мамлакатларида туризм ва минтақавий ҳамкорлик: янги чақириқ ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда МДҲ мамлакатларининг туризм йўналишидаги етакчи университетлари ректор ва проректорлари иштирок этишди.

Семинар кун тартибидаги асосий масалалардан бири Самарқанддаги «Ипак йўли» Халқаро туризм университетининг тармоқли таълим тизимини жорий қилишга оид лойиҳа бўлди.

Тадбир якунига кўра, «Ипак йўли» Халқаро туризм университети ҳамда МДҲ мамлакатлари олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланди.

Мавзуга оид