Жорий йилнинг апрель ойида Истанбулда дунёнинг энг улкан ва замонавий аэропортига айланиши кутилаётган янги аэропорт иш бошлади. У ўзининг ҳайбати, бежирим дизайни ва кенглиги билан биринчи дақиқаларданоқ ҳайратга сола бошлайди. KUN.UZ мухбири мазкур аэропортга ташриф буюриб, махсус репортаж тайёрлашга муваффақ бўлди.
Қуйида сиз янги аэропортнинг суратларини томоша қилган ҳолда, объект ҳақидаги 5та қизиқарли фактни билиб олишингиз мумкин.
1. Қурилиш босқичи ва жараёни
Туркия ҳукумати 2013 йилда янги аэропорт қурилишига тендер эълон қилган эди. Натижаларга кўра, IGA концерни бошқарувни қўлга киритди.

Лойиҳа қурилиши тўрт босқичдан иборат бўлиб, у 2023 йилда тўлиқ битиши кутилмоқда. Биринчи босқич қурилиши 2018 йилнинг октябрь ойида ниҳоясига етган эди.

Инвесторлар ва ҳамкорлар мазкур лойиҳага 11 млрд. евро ажратишгани ҳақида хабар мавжуд. Қурилиш якунига қадар инвестиция қиймати 22 млрд. еврога етиши мумкин.

Янги аэропорт дизайнини британиялик Скотт Браунинг яратди. Бино интерьерида ислом ва турк санъатига хос нақш ва орнаментлардан фойдаланилган.
2. Аэропорт тузилиши
Янги Истанбул аэропорти шаҳар марказидан шимоли-ғарбда 35 км.да, Арнавуткёй провинциясида жойлашган. У биргина улкан терминалдан иборат бўлиб, 5 блок ҳамда 114 гейтдан иборат.

A, B, D, F — халқаро рейслар, G — маҳаллий рейслар учун мўлжалланган.

Қурилиш ишлари якунлангач, янги аэропортнинг умумий майдони 76,5 млн метр квадратни ташкил этади. Бино томи эса — 461 000 кв.м. бўлиб, бу 58 футбол майдони ҳажми билан тенг дегани.































