Ўзбекистон | 01:22 / 11.07.2019
11931
2 дақиқада ўқилади

Президентнинг солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди

Фото: Президент матбуот-хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш ва Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

Ўрнатилаётган янги тартибга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

2020 йил 1 январдан бошлаб:

ҚҚС тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади ва бу ҚҚС суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланиши;

ҚҚСни тўлашга ўтишда ушбу солиқ суммаси ҚҚСни тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий захираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олиниши;

ҚҚСни тўлашга ўтиш ёки ягона солиқ тўловини тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома ҚҚСни тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин 10 иш кунидан  кечиктирмасдан тақдим этилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, президентнинг мазкур қарори билан «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегияси» ҳамда «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» маъқулланган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид