Ўзбекистон Республикаси президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Президентнинг мазкур қарорида «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» маъқулланган. Чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари, ижро муддати ва масъуллар белгиланган.
«Йўл харитаси»нинг учинчи бобида — Солиқ таваккалчиликларини баҳолаш ва мониторинг қилишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари санаб ўтилган:
· Назорат, ахборот ва хизмат кўрсатиш орқали потенциал солиқ таваккалчиликларини баҳолаш ва бошқариш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни назарда тутадиган солиқ таваккалчиликларини тизимли бошқариш (Compliance Strategy) механизмини жорий этиш.
· Таваккалчиликларни, шу жумладан ҚҚС тўловчиларини таҳлил қилиш ва бошқариш тизими асосида солиқ назоратининг симсиз (масофадан туриб) усулларини (солиқ тўловчиларни сегментлаш асосида) такомиллаштириш.
· Жаҳон банкининг комплекс интеллектуал модели асосида солиқ маъмурчилигини таҳлил қилиш якунлари бўйича таклифлар тайёрлаш (ҳозирги ҳолатни баҳолаш ва солиқ маъмурчилиги камчиликларини аниқлаш, солиқ ислоҳотлари натижаларини мониторинг қилиш).
· Солиқ органлари томонидан амалга ошириладиган назорат тадбирларини видео-тасвирга олиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.
· Илғор халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, идентификация карточкалари тизимига (ID карталарига) жисмоний шахснинг идентификация рақами тизимини босқичма-босқич интеграциялаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.
· Давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига давлат идоралари томонидан ноқонуний аралашув ҳолатларига йўл қўймаслик, шунингдек, назорат тадбирларини фақат профилактика чоралари қўлланилгандан сўнг амалга ошириш имконини берадиган тартибни белгилаш.
· Сайёр текширишларни камайтириш ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлигининг симсиз усуллари рўйхатини кенгайтирган ҳолда солиқ назорати шаклларини такомиллаштириш.
· Юқори даражадаги даромадга ва мулкка эга бўлган жисмоний шахсларнинг солиқ таваккалчиликларини таҳлил қилиш (High Net Worth Individuals) тизимини жорий этиш.















