Жорий йилнинг 5 июль куни соат 16:00да Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани чегара ҳудудида хизмат фаолиятини олиб бораётган чегара нарядлари томонидан ноқонуний равишда Давлат чегараси белгиланган ҳудудга катта тезликда, ичида бир қанча фуқаролар билан ҳаракатланаётган 4 дона транспорт воситаларига тўхташ ишорасини берганида, улар ҳарбий хизматчиларнинг “Тўхта” буйруғига бўйсунмасдан йўлини давом эттиргач, ушбу соҳада хизмат фаолиятини олиб бораётган бошқа чегара нарядлари томонидан мазкур транспорт воситалари мажбурий тўхтатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинлари хабар берди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Мазкур транспорт воситалари текширилганда, унда ҳаракатланиб келаётган фуқаролар, Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган, Ш. Комилов раҳбарлигидаги «Only Tea» хусусий фирмасининг ишчилари эканлиги, шунингдек, улар Давлат чегарасида коврак ўсимлигини териш учун чегара ҳудудига ҳаракатланаётганлиги аниқланган. 

Шундан сўнг, транспорт воситаларида бўлган хусусий фирма ходимлари ва ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Чегарачилар томонидан фирма ишчиларини белгиланган ҳудудга киритиш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганлигини билдириб, уларни ортга қайтиши ва тегишли рухсатнома билан келишлари тушунтирилган. Аммо, фирманинг масъул ходимлари ҳокимлик ва тумани ИИБ томонидан тақдим этилган ҳужжатларни рўкач этиб, ДХХ чегара қўшинларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни менсимаган ҳолда ҳаракатланиш қисмида ҳарбий хизматчилар бўлишига қарамасдан транспорт воситасида чегара ҳудуди томон ҳаракатланмоқчи бўлган. Буйруққа бўйсунмаган фуқароларни тўхтатиш ва ҳарбий хизматчиларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, чегара наряди таркиби томонидан осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узилган.

Бўлиб ўтган воқеага аниқлик киритиш мақсадида ушбу ҳолат ДХХ Чегара қўшинлари масъуллари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида, Қумқўрғон туман ҳокимининг қарорига асосан, мазкур «Only Tea» хусусий фирмасига коврак ўсимлигини йиғиш учун Боботоғ тоғ тизмаларининг чегара ҳудудидан жой ажратилган. «Only Tea» хусусий фирмаси раҳбари Ш. Комилов 2019 йил 1 июль куни Қумқўрғон тумани ИИБдан чегара ҳудудида бўлиш учун мурожаат этган ва тегишли рухсатнома олган.