Бундесфрау – бундесхоним. Немисчада «бундес» – федерал, «фрау» – хоним.
Германия канцлери Ангела Меркель 10 июль куни Финляндия бош вазири Антти Ринне билан учрашув вақтида яна ўзини ёмон ҳис қилди. Бир ой ичида учинчи марта канцлер хонимни расмий учрашув вақтида титроқ тутиб қолди. Бу ҳолат Германия фуқароларида хавотир уйғотмоқда. Хўш, аҳвол қанчалик жиддий?
Матбуот котибидан чиққан канцлер

Келинг, аввало Германия тарихидаги илк аёл канцлер ҳисобланган Меркель хонимнинг сиёсатга қандай кириб келганига назар солсак. Ангела Меркель ёшлигидан кимё ва физикага қизиққани боис университетни ҳам шу мутахассислик бўйича битиради. Меркель 1989 йилда «Демократик янгиланиш» партиясига ишга кирганида, кўпчилик танишлари ҳайрон қолишади, чунки у атрофдагиларида илм кишиси бўлиб таассурот қолдирганди-да. Партиянинг кичик лавозимларида ишлаб юрган Меркель кейинчалик матбуот хизматида ишлай бошлайди ва айнан шу лавозимда унинг том маънода сиёсий фаолияти бошланади.
1990 йилда Меркель ГДР Министрлар кенгаши раисининг матбуот котибига ўринбосар бўлади. Иккита Германиянинг бирлашиш жараёнида бевосита қатнашган Меркель секин-аста сиёсат оламида танила боради. Меркелнинг тавсиясига кўра 1990 йилги сайловларда муваффақиятсизликка учраган «Демократик янгиланиш» партияси ўша вақтда ҳукмрон бўлган ХДК (Христиан-демократлар кенгаши) партияси билан бирлашишга қарор қилади. 2 октябрь куни «Демократик янгиланиш» ХДК таркибига қўшилишига бағишланган тадбирда Меркель нутқ сўзлайди. 3 октябрь куни эса Германия бирлашади. Шу билан Меркелнинг матбуот котиби сифатида фаолияти ҳам якунланади ва у ҳукуматда маслаҳатчи сифатида иш бошлайди.
1991 йил январда Меркель янги Германиянинг хотин-қизлар ва ёшлар ишлари бўйича вазири бўлади. Сиёсат пиллапоясида тез кўтарилаётган Ангелани «Колнинг қизи» (Гельмут Коль, ўша вақтдаги Германия федерал канцлери) деб атай бошлашади. 1994 йилда эса Меркель анча жиддий вазирликка раҳбар бўлади. Сайловларда 48,6 % овоз олган бўлажак канцлер Табиатни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги вазири бўлади. Кимё билимдони бўлган Меркель учун бу ўзининг иши эди.
ХДКда раҳбар ўзгариб, партия раҳбарлигига Вольфганг Шойбле келгач, Меркель бош котиб бўлади. 2000 йил 18 февралда ХДК раиси Вольфганг Шойбле ўз лавозимидан кетишини маълум қилади. Раҳбарсиз қолган партия назорати эса кутилганидек бош котиб Ангела Меркель қўлига ўтади.
Ўша вақтларда партиянинг кўплаб вакиллари, жумладан собиқ канцлер Гельмут Коль ҳам иқтисодий можароларга ўралашиб қолганди. Меркель эса бундай ишларга аралашмагани боис партия ичида катта обрўга эга бўлганди. 2000 йил 10 апрелда ХДК партияси раҳбарлигига сайлов ўтказилади ва Меркель 935 аъзодан 897 нафарининг қўллови билан партия раҳбари бўлади.



















