2018 йил апрель ойида Фарҳод Ўрозбоевич Эрманов Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, 2018 йил ноябрь ойида бу лавозимга тасдиқланган эди.

Фарҳод Эрманов ўтган 1 йилдан ортиқ вақт ичида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қандай ўзгаришлар содир бўлгани, тадбиркорликни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай чора тадбирлар амалга оширилгани, шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган бошқа кўплаб муаммолар бўйича Kun.Uz журналистлари Сардор Юсупов ва Зафар Солижонов саволларига жавоб қайтарди.

- Муҳтарам Фарҳод Ўрозбоевич, аввало Kun.Uz муштарийлари билан очиқ мулоқот қилишга рози бўлганингиз учун сизга миннатдорчилик билдирамиз. Хоразм вилоятида иш бошлаганингизга бир йилдан ошди. Ўтган даврда қандай ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда, келажакда хоразмликларни нималар кутмоқда, дастлаб шулар ҳақида гапириб берсангиз.

- Ҳозирда вилоятимизда ҳар бир соҳада ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хоразмни ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва туризмга эътибор қаратиш энг асосий ечимлар сифатида қаралмоқда.

Иқтисодиётни ривожлантириш аввало саноатни ривожлантиришдан бошланади. Ўтган йили Питнакдаги «General Motors» заводининг ишлаб чиқариш қуввати оширилди. 2018 йили 40 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил кўрсаткич 60 минг донага етди. Вилоятимизда йилига 250 минг тонна пахта хомашёси олиняпти, шундан 85 минг тонна пахта толасини ишлаб чиқаряпмиз. Ҳозирги кунда бу толанинг 46 фоизини қайта ишлаяпмиз. Янада кўпроқ толани ўзимизда қайта ишлаш учун янги фабрикалар ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Тадбиркорлар ва инвесторларга етарли шароитларни яратиш вилоятдаги барча туман ва шаҳар ҳокимларининг асосий вазифасига айланди. Шу йилнинг сентябрида Ҳазорасп туманида жойлашган эркин иқтисодий зонада туркиялик инвестор билан эркак ва аёллар кийимларини ишлаб чиқарувчи корхонани ишга тушириш режалаштирилган.

Вилоятимизнинг туризм соҳасидаги салоҳияти ҳам баланд. Ўтган йили чет эллик туристлар сони 130 мингдан ошиқ эди, бу йил уларнинг сони 5-6 ой ичида 100 мингдан ошди. Уларни қабул қилувчи меҳмонхоналар сони ҳам ортмоқда.

- Тадбиркорликни ривожлантириш йўлида ҳали ҳам кўплаб тўсиқлар бор. Таҳририятимизга келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми тадбиркорларга ер ажратиш муаммоси билан боғлиқ. Бу муаммолар бўйича изоҳ берсангиз.

- Айрим ҳолларда туман ёки шаҳар ер ажратиш бўйича комиссиясининг эътиборсизлиги, хатолари туфайли тадбиркор зарар кўрмоқда. Экин экилиши лозим бўлган майдондан ҳам ерлар ажратиб берилган. Бу тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича мумкин эмас. Афсуски, экин майдонларини аукционга чиқариш ҳоллари ҳануз учраб турибди. Биз бундай ҳолатлар бартараф этилишига ҳаракат қиляпмиз. Аҳоли сони ортмоқда, агар ҳамма ерга бино қураверсак, эртага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш учун ерни қаердан топамиз? Шунинг учун энига эмас, бўйига ўсишимиз керак. Барчаси ҳозирда назорат остида ва керакли чора кўрилиб, уларнинг ишлари, албатта, ижобий ҳал этилади.