Ўзбекистон | 16:02 / 15.07.2019
21989
2 дақиқада ўқилади

«Кўпчилик, ҳатто ОАВ ходимлари ҳам пенсия ва нафақани бир хил нарса деб ўйлайди» — Баҳодир Умрзоқов

Фото: Халқаро пресс-клуб

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов Халқаро Пресс-клубнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилди.

«Шуни айтиб ўтишимиз керакки, кўпчилик мутахассислар, мухбирлар-ку у ёқда турсин, телевидение, радиода ҳам пенсия ва нафақани адаштириб гапиришади. Журналистларимиз ва бизда шуни ёритиб борадиган мутахассислар айниқса, театр, фильмларда ҳам нафақахўр деган сўзларни ишлатиб юборишади. Ёки нафақага чиқдим, деб жумлалар тузишади. Буни икки тоифага бўлишимиз зарур ва бундан буён бунақа хатоларга йўл қўйиш керак эмас», дея таъкидлади вазир ўринбосари.

Б. Умрзоқов пенсия ва нафақа ўртасидаги фарқни қуйидагича тушунтирди:

«Пенсия — бу меҳнат фаолияти учун белгиланган тўлов. Фуқаронинг пенсия ёшига етгандан сўнг умрининг охиригача тўланиб борадиган ва доим ошиб борадиган тўлов миқдори ҳисобланади.

Нафақа деб айрим қийин аҳволга тушиб қолган, соғлиги ёки шароити туфайли, ижтимоий оилавий муносабатлари туфайли қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларга бир марталик ёки маълум муддатга бериладиган тўлов тушунилади.

Масалан, ногиронлиги учун тўланадиган пенсия бор ва ногиронлиги учун, ёшлигидан ногирон бўлиб қолган фуқароларга тўланадиган нафақа бор”, дея қўшимча қилди Баҳодир Умрзоқов.

Мавзуга оид