ЭЭҲО ва НҚАТ (Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими) истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш сифатига қандай таъсир кўрсатади? Мамлакат бўйлаб ўрнатилаётган бундай «ақлли ҳисоблагичлар»нинг афзаллиги нимада?

Жорий йилнинг 15 июль куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг коворкинг-марказида бўлиб ўтган брифинг шу каби саволлар асосида ташкил этилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот-хизмати 

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Журналистларнинг саволларига Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ молиявий масалалар бўйича директор ўринбосари Давронбек Имомов ва бошқа масъул шахслар жавоб берди.

Унда журналистлар томонидан берилган саволлар, хусусан, бутун республикани «ақлли ҳисоблагич»лар билан тўлиқ қамраб олиш муддати, электр энергияси истеъмолидан қарзи бўлган қарздорларни тармоқдан узиб қўйиш ва қайта улаш тартиблари, ўзбекистонликларнинг онлайн тўловга кўникишлари қандай бўлиши ҳамда бугунги кунда айрим ТЭТ (туман электр тармоқлари)да кузатилаётган навбатлар ва бошқа масалалар муҳокамасига асосий эътибор қаратилди.

Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбарияти аъзолари билан бўлган мулоқот чоғида ЭЭҲО ва НҚАТ тизимини жорий этишдан кўзланган мақсад мисоллар асосида тушунтирилар экан, бунда статистик маълумотлар таҳлили, унинг яқин вақт ва узоқ истиқболга мўлжалланган фойдали жиҳатлари тафсилотига кенг урғу берилди.

Жумладан, бутун мамлакат бўйлаб ЭЭҲО ва НҚАТ тизими жорий этилганидан сўнг истеъмолчиларнинг бугунги кундагидек ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд этиб боришларига, Мажбурий ижро бўлими ходимлари томонидан текширув ўтказиш ишларига ҳожат қолмайди. Барча маълумотлар тизимнинг ўзида жамланади.

ЭЭҲО ва НҚАТ тизимининг жорий этилиши ўлчов жараёнида инсон омили аралашувини чеклашнинг зарурий шарти бўлиб, маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш, шунингдек, уларнинг ҳаққонийлиги, аниқлигини таъминлашга, таъминотчи ва истеъмолчи томонидан электр энергияси истеъмоли миқдорини тезкор ҳисобга олишга имконият яратади.