Поль Погбанинг «Реал»га ўтиши ёзнинг қолган қисмида энг катта мавзуларидан бири бўлиши турган гап. Трансфернинг тахминий нархлари-ю, мадридликлар Погбани олиш учун кимларни сотмоқчи экани ҳақидаги хабарлар анча ишончсиз манбалар орқали тарқалаёган бўлса-да, бу трансфер ҳақиқатдан узоқ эмаслиги аниқ, чунки вазиятга энг яқин инсонлар томонидан ҳам баёнотлар янгради.

Биринчиси, Погбанинг машҳур агенти Мино Рийола футболчининг кетмоқчи экани ва бу ҳақида манчестерликлар билиши ҳақида айтганида, футбол оламида бомба портлагандек бўлди.

Иккинчиси, Оле Гуннар Сульшер. У илк мавсумолди ўйинидан олдин бу борада ўз фикрини айтди – «Погба ҳақида ҳали ҳеч қандай таклиф бўлгани йўқ». Бир қараганда, трансферни инкор қилувчи фикрдек кўринади, аслида эса, аксинча. Чунки Сульшер Погба сотилмаслиги, у жамоада жуда муҳим бўлиб, ўйин унинг атрофида қурилиши ҳақида гапирмаяпти. Таклиф йўқ, деяпти. Яъни, бу ўз навбатида, қарши томонга «агар сотиб олмоқчи бўлсанглар, таклиф беринглар» дейиш билан бирга, босимнинг «Реал» томонга ўтишини таъминлаяпти. Гўёки, мадридликлар футболчини олмоқчи-ю, «МЮ» ҳали сотмаяпти, деган мулоҳазаларни йўқотиб, бошқа версияни ўртага ташлаяпти – «аслида Погба сотилиши мумкин, аммо «Реал» таклифини бермаяпти».

Сульшернинг нутқидаги Погба ҳақидаги иккинчи қисм ҳам аслида, яхшилаб ўйланган: «Погба – профессионал. Мен у сотилишини мен истамайман».

Бу ҳам ажойиб мессеж. Бу билан «Манчестер Юнайтед» Погбани сотишга мажбур эмаслигини, бемалол у билан яна ишлай олишини «билдирмоқда» ва яна бир бор «Реал»га – нархни тушира олмайсизлар, биз истаган пулни бермасангиз, Погба йўқ. Бу билан биз ҳам ҳеч нарса йўқотмаймиз, Погба бемалол Манчестерда тўп сура олади, демоқда. Ҳатто жамоа сардори ҳақидаги саволга ҳам жавоб бераётиб, Сульшер Погбани ҳам тилга олди. Қойил.

Демак, умумий вазият тушунарли: «Погба Манчестердан кетмоқчи, «Манчестер Юнайтед» агар яхши таклиф бўлса, уни сотишга қарши эмас, лекин агар трансфер амалга ошмаган тақдирда ҳам, мураббий бемалол Пол билан ишлай олади».

Бу позицияда «Манчестер Юнайтед» ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Бу ерда манчестерликларда икки муҳим кузир бор: Зиданнинг Погбани сотиб олишга жуда қизиқаётгани ва футболчининг шартнома муддати 2021 йилгача экани.

Айниқса, иккинчи пункт муҳим – агар шартнома келаси ёзгача бўлганида, Погба балки клубга босим ўтказа оларди. Чунки футболчи ҳар қандай даражада «МЮ» билан ёмон вазиятга тушиши ва энг ёмон ҳолатда, бир йил сабр қилиб, эркин агентга айланиши мумкин бўларди. Ҳозир эса, икки йиллик шартнома турибди. Шартларни «МЮ» қўя олади, акс ҳолда, жамоа футболчига нисбатан ҳар қандай принципни қўллаш имкониятига эга. Трансферлар ойнаси тугагач, клуб бемалол Погбага босим ўтказиши ва бемалол шартномани янгилаши мумкин. Чунки икки йилни захирада ўтказиб юбориш, Мадридни кутиб яшашга ҳеч қайси футболчи чидамаслиги аниқ.