Ўзбекистон | 14:49 / 17.07.2019
17520
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов: «Бизнинг вазирлигимиз номланишида «халқ» сўзи бўлган ягона вазирлик ҳисобланади»

Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов таълим тизимидаги йиллар давомида йиғилиб қолган барча муаммоларни ҳал қилиш учун бир неча йил керак бўлишини билдирди. У бу ҳақда журналист Кирилл Альтманга берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Бизнинг вазирлигимиз номланишида “халқ” сўзи бўлган ягона вазирлик ҳисобланади – Халқ таълими вазирлиги. Бу мактаб таълими вазирлиги ёки болаларни ўқитиш вазирлиги эмас, Халқ таълими вазирлигидир. 

Биз 6 миллион нафар бола билан биргаликда уларнинг ота-оналари билан ҳам ишлашимизга тўғри келади. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, болаларнинг ўзлаштиришига иккита асосий омил таъсир кўрсатади – биринчиси ўқитувчи бўлса, ота-оналар ва уйдаги муҳит 50 фоиз таъсир кўрсатади.

Шу боис таълим сифатини яхшилашни истасак, биз ота-оналар, умуман олганда, аҳоли билан ишлашимиз шарт. Уларнинг қўллаб-қувватловисиз муваффақиятга эришишнинг имкони йўқ”, - деди халқ таълими вазири.

Шерматовнинг фикрича, кейинги 25 йилда жуда кўп нарса йўқотилди.

“Президентимизнинг Сенат мажлисида “Биз узоқ вақт давомида била туриб, онгли равишда одамларимизни онгсиз қилишга уриндик” дея айтган сўзлари жуда оғир эшитилса-да, вазиятни таҳлил қиладиган бўлсак, айни ҳақиқат.

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида олий таълим муассасаларига киришнинг 90-йиллар бошидаги квоталарини сақлаб қолган ягона мамлакат бўлди. Яъни олий таълим учун 60 минг квота ажратилган, аммо аҳоли сони ўсиши билан абитуриентлар сони ошиб борган. Мос равишда мустақилликнинг дастлабки йилларида бир ўринга бир ярим-иккита абитуриент тўғри келган бўлса, охирги йилларда 10-12 абитуриент тўғри келган. Буларнинг бари таълимга таъсир кўрсатган, бу ерда олий таълим ҳақида гапиряпман, яъни олий таълим мактаб таълими учун яхши мутахассислар етишиб чиқиши учун керак.

Мактаб таълими билан ҳам шундай ҳолат юз берди. Педагоглар орасида шундай ҳазил гап бўларди: агарда бизни дарс ўтишдан озод қилишса, қолган барча топшириқларни бекам-у кўст бажарамиз. Пахта теришми, кўча тозалашми, ҳар қандай ишни қиламиз, фақат болалар халақит беришяпти.

Бундай муҳитда қандай қилиб таълим сифатини таъминлаш ҳақида ўйлаш мумкин? Натижа эса аён: шунчаки кўчага чиқинг, ёзувлар хатоларга тўлиб ётибди. Статистика бўйича бизда саводлилик 99 фоиз деймиз, аммо бу ҳақиқатга қанчалик мос келади? Умуман олганда, замонавий дунёда саводлилик сўзи бутунлай бошқа нарсани англатади. Ўтган давр давомида кўплаб муаммолар тўпланиб қолган бўлиб, уларни бир йил ичида ҳал қилиб бўлмайди.

Президентимиз Сенат мажлисида айтиб ўтганидек, бир неча йиллар давомида йиғилиб қолган бу барча муаммоларни ечиш учун камида беш-олти йил талаб қилинади”, - деди у.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид