Uzcard ва ЮНИСТРИМ ҳамкорликда пул ўтказмасини амалга оширувчи янги хизмат турини тақдим этди
Uzcard карталари ҳамда Uzcard-UnionPay кобейджинг карталари ЮНИСТРИМ халқаро тизим орқали пул ўтказмаларини қабул қилади.
Шу кунларда ЮНИСТРИМ халқаро пул ўтказмаси тизимини Ўзбекистон Республикасида жорий этилишига доир келишувга эришилди. Унга биноан, Uzcard ва Uzcard-UnionPay кобейджинг карталарига Россия Федерацияси ҳамда МДҲ давлатларидан пул ўтказмасини амалга ошириш имконияти яратилди.
ЮНИСТРИМ тизими орқали халқаро миқёсда пул ўтказмасини амалга ошириш хизматининг қулайликлари қуйидагилар:
- Uzcard ва Uzcard-UnionPay кобейджинг карталарига бир зумда пул ўтказмасини амалга ошириш мумкин;
- Uzcard ва Uzcard-UnionPay кобейджинг карталарига комиссион тўловларсиз пул ўтказмасини амалга ошириш мумкин;
ЮНИСТРИМ халқаро тизиминиг хизматлари банк ва савдо шохобчаларида онлайн-тартибда мижозлар эътиборига ҳавола этилади.
«Uzcard ва ЮНИСТРИМ ўртасида ҳамкорликка эришилгани карта эгалари учун онлайн-тартибда пул ўтказмаларини қабул қилиш имкониятини яратди. Эндиликда, пул ўтказмасини қабул қилиш учун банкка бориш эҳтиёжи қолмади. Пул маблағини юборувчи шахс Uzcard картасининг рақамини ва эгасининг исм, шарифини билиши кифоя. Доллар, евро ва рубль пул бирликларини юбориш жараёни комиссион тўловларсиз амалга оширилади ҳамда автоматик равишда сўм пул бирлигимизга конвертация қилинади», – деб таъкидлайди ЯУПМ Бош директори Махмудов Аҳрор.
ЮНИСТРИМ халқаро пул ўтказмаси тизими 2001 йилдан бошлаб ўз фаолиятини олиб боради ва Россия Федерациясида йирик компаниялардан бири ҳисобланади. ЮНИСТРИМ тизими орқали онлайн-тартибда ҳамда мобил илова орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти мавжуд. Бугунги кунга келиб, 300дан ортиқ банк ҳамда чакана савдо тармоқлари ушбу тизим хизматларини мижозларга ҳавола этиб келмоқда.