Италия чемпиони нидерландиялик марказий ҳимоячи Маттейс де Лигт трансферини эълон қилди. Бу футболчи учун туринликлар «Аякс»га бонуслар билан бирга 85,5 миллион евро тўлайди. Ушбу 19 ёшли футболчи 16 июль куни кечаси футболчи Туринга учиб келди ва 17 июль куни янги жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтди. 18 июль куни янги клуби билан 5 йиллик шартномага имзо чекди.

Игуаин юки
Бир йил муқаддам Чемпионлар лигаси ғолиблиги орзусидаги «Ювентус» босслари ниҳоят бу борада қатъий қадам ташлашди ва Криштиану Роналду трансфери учун катта маблағ сарфлашди (117 миллион евро). Лекин улар шуни ҳисобга олишмагандики, «Олтин тўп»нинг 5 карра ғолиби қанчалик моҳир бўлмасин, сеҳргар эмасди. Қиролга мулозимлар керак бўлади, жамоанинг ўша вақтдаги таркиби эса жиддий қайта қуришларга муҳтож эди ва бу иш учун шунчаки юлдузларни сотиб олиш билан кифоя эмасди. Шу билан биргаликда, бу жараёнда молиявий фейр-плейга риоя қилиш зарурати юзага келарди ва жамоа классик марказий форварди Гонсало Игуаин хизматларидан воз кечишга мажбур бўлганди. Аргентиналик ҳужумчи бундан қаттиқ ранжиганди. У «Милан»да ёш Кутронедан яхшироқ ўйнай олмади ва миланликлар А Серия кашфиёти Пёнтекка ишонч билдиришди. «Челси»га, севимли мураббий Маурисио Сарри ёнига бориш ҳам вазиятни ўзгартирмади. Муваффақиятсиз мавсумдан кейин унга ҳеч ким ишонч билдирмаяпти, аммо унинг ўзи ҳеч қаерга кетмаяпти. У «Вест Ҳэм»да ижара асосида ўйнашга рози бўлмади, эндиликда уни Джекони сотиши мумкин бўлган «Рома»га сотиш варианти устида ишлашмоқда. Хабарларга кўра, Туриндагилар ёши ўтиб қолган тажрибали ҳужумчидан кўра вундеркинд Кинга ишонч билдиришмоқда.
Янги яримҳимоя чизиғи ва ҳимояда топ даражадаги футболчи
Лекин бу муаммо – туринликларнинг мусаффо осмонидаги шунчаки булутча. Клуб иккита асосий вазифани уддалади. Майдон маркази янгиланди. Айтишларича, Сарри Лондондан ўзининг севимли футболчиси Жоржиньони олиб келмоқчи бўлганди. Бу мавзуни ҳозир ҳам эслаб туришибди, аммо «Челси» янги футболчиларни сафга қабул қилиш имкониятидан маҳрум бўлгач, италиялик мутахассис собиқ клубига ёмонлик қилиб ўтирмади. Қолаверса, «Ювентус»да Пьянич бор, босниялик футболчининг атрофидагилар эса ўзгармоқда. Матюиди ва Хедиранинг ёши ўтиб бормоқда. Германиялик футболчи жароҳатлар туфайли охирги мавсумда барқарор ўйин кўрсата олмади, бу чизиқни тўлдириш учун келган Рэмси ва Рабьо машғулотлар лагерида тер тўкишни бошлашди.
Албатта, барча британияликлар билан бўлгани каби уэльслик футболчида ҳам оролдан ташқарида фаолият юритиш осон бўлмаслиги мумкин, франциялик футболчида ҳам ярим йил майдондан ташқарида бўлиш асорати бўй кўрсатиши тайин. Аммо улар ҳали ёш ва уларнинг даражаси эҳтимолий муаммоларни енгиб ўтиш учун етарлидир. Қолаверса, Рэмсини «Ювентус» афсоналаридан бири бўлган Жон Чарльз илҳомлантириши ҳам мумкин.

















