Ижтимоий тармоқларда Валижон Шамшиев бошлаб берган ва бошқа бир қатор санъаткорлар давом эттирган ўзига хос флешмоб тарқалмоқда. Телеграмдаги «BUGUNUZ» каналида жойлаштирилган видеода сўз усталари ва қўшиқчилар МИБ ходимларини оғиз кўпиртириб мақташини кўриш мумкин.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Бошидан таъкидлаш керак, бу флешмобда барча санъаткорлар ва халқ артистлари ҳам кўринмайди. Санъат олами вакиллари томонидан уюштирилган бу кичик акция табиийки бир қатор саволларни келтириб чиқаради:

1. Санъат вакиллари ўз ихтиёрлари билан МИБни мақташяптими?

2. Биринчи саволга катта эҳтимол билан йўқ деган жавоб берилишини тахмин қилсак, ким ёки нима уларни бу ишга мажбур қилмоқда?

3. Табиийки мавзу юзасидан сўралса, барча санъаткорлар бу ўзларининг ташаббуслари эканини айтишади, лекин нега улар кўпчилик бўлиб ва бир вақтда бундай ғояга эргашдилар?

4. МИБнинг обрўси шу қадар тушганмиди, бу акциядан сўнг кўтариладими?

5. Энг муҳими, бу флешмобга МИБ ва «Ўзбекконцерт» раҳбариятининг муносабати қанақа?

Бугун мана шу саволларга жавоб ахтариб ижтимоий тармоқлардаги бу акцияга муносабат, шунингдек ўз шахсини сир сақлаган манбаларнинг маълумотларини ҳам ўрганамиз.

Демак, ўз шахсини сир сақлашни сўраган манбанинг айтишича, МИБ ходимларига ўзларига таниш санъаткорларни топиб, МИБ фаолиятини мақтаб беришларини сўраш ва видеоларини жамлаб, тарқатиш буюрилган.

Видео остидаги изоҳлар кутилганидек турли-туман бўлди. Кимдир санъаткорларнинг иккиюзламачилигини қоралаган, ўзлари ҳамиша тўлов ва солиқлардан қочиб юришларини танқид қилган бўлса, яна кимдир МИБ шу йўл билан ўз имижини яхшилашга уринаётгани, лекин бу пиар кўп ҳам самарали бўлмаётганини таъкидлади. Бу акцияни оқлаганлар, ўзаро ҳамкорлик натижасида омманинг тўлов маданияти яхшиланишини билдирганлар ҳам бўлди, аммо улар жуда озчилик эди.